ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС РАИСИ АҚТЎБЕ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ
1402
24 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида шу йилнинг 25-26 февраль кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларининг II минтақалараро ҳамкорлик форуми иштирокчиси, Ақтўбе вилояти ҳокими Ондасин Оразалин бошчилигидаги делегацияни қабул қилиш маросими ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов меҳмонларни республикамизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг ўзаро учрашувларида эришган келишувлари самарасида азалдан тарихи, тили, дини бир халқларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик муносабатлари сўнгги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Бу, ўз навбатида, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳаларни ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни юксак даражада амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларининг II минтақалараро ҳамкорлик форуми икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўз навбатида, меҳмон самимий қабул учун республикамиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдириб, бу учрашув ҳам давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариб, элларимиз орасида дўстлик кўпригининг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшишини таъкидлади.
Қабул маросимида келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари борасида ўзаро фикр алмашилди.
Қабул маросимидан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг кичик мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ақтўбе вилояти ҳокимлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.




Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Матбуот хизмати