АХБОРОТ ХИЗМАТИ РАҲБАРЛАРИ ВА БЛОГЕРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
2131
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида шаҳар ва туман ҳокимликлари, вазирлик, қўмита ва бошқармаларнинг ахборот хизмати раҳбарлари ва блогерлар билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси Д.Қурбаниязов Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз ривожланишнинг янги босқичларига кўтарилиб, ошкоралик, очиқлик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимизнинг асосий мезонига айланаётган сўнгги йилларда юртимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, миллий медиа майдонида оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўлиқ эркинлик берилиб, матубот, интернет сайтлари, телевидение ва радиоларда таҳлилий ва танқидий материаллар кенг ўрин олмоқда. ОАВда одамларни ўйлантираётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар кўтарилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Бу тенденция ислоҳотларимиз самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида давлат бошқарув органларида ахборот хизматлари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.
Бу ўз навбатида, давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш, шунингдек, уларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ва ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлаган эди.
Афсуски, оммавий ахборот воситаларида ҳақиқий фидокор, жонкуяр ҳамкасбларимиз, ёшларимиз билан бир қаторда сўз эркинлиги – бу аввало, масъулият эканлигини унутиб қўйиб, танқидий фикр деган баҳона билан аниқ фактларга асосланмаган, турли йўллар билан жамиятда фақат салбий фикрни уйғотадиган, аҳолини давлат сиёсатига қарши йўналтирадиган материаллар эълон қилинаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Шу боис, учрашувда ахборот хизмати раҳбарлари билан ОАВ журналистлари ва блогерлар ўртасида ахборот алмашиш борасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш, аниқ фактларга суяниш, журналистик этикани сақлаш, ахборот олиш ва уни кенг жамоатчиликка етказиб беришда бир томонлама ёндашувнинг олдини олиш сингари муҳим масалалар эътибор марказида бўлди.
Учрашувда давлат бошқарув органлари ахборот хизматлари билан оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги борасида учраётган муаммолар ҳар томонлама муҳокама қилинди, бу бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.






Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Матбуот хизмати