ДУНЁНИНГ ГУЛТОЖИ ЎЗИНГСАН, АЁЛ!
1329
6-март куни Нукус шаҳридаги “Караван сарай” ресторанида 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан “Дунёнинг гултожи ўзингсан, аёл!” номли тантанали тадбир ўтказилди. Унда республикамизнинг барча шаҳар ва туманларидан келган нуроний онахонлар, жамият ҳаётида фаоллик кўрсатаётган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов иштирок этиб, республикамиз хотин-қизларини байрам билан табриклади.
– Халқимиз азалдан гўзаллик тимсоли бўлган ардоқли оналар билан дилбар қизларга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, уларни фидойилик ва меҳр-мурувват, умр давомчилари, бетакрор назокат ва гўзалликни ўзларида мужассам этган ажойиб яратилиш сифатида асраб-авайлаб келган, – деди республикамиз раҳбари. – Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш – бу давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида бу йил хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласида янги босқичларига кўтарилишини алоҳида таъкидлади. Жумладан, 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес лойиҳалари учун 100 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар бериш, олий ўқув юртларида қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларимиз учун муҳим 5 ташаббус асосида қисқа ўқув курсларини ташкил этиш, бундан ташқари, хотин-қизларимизнинг янги турар жойлар олиши учун бошланғич тўловларни бюджет ҳисобидан тўлаб бериш сингари жуда аҳамиятли масалаларга эътиборимизни қаратди. Бу энг аввало, оналаримизга, опа-сингилларимизга, дилбар қизларимизга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг кўриниши ҳисобланади.
Тадбирда ҳозирги глобаллашув даври халқимизнинг, шу жумладан, хотин-қизларимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини янада оширишни талаб қилаётгани, бунда албатта, уларнинг чуқур билими, бой ҳаётий тажрибаси, замонавий фикрлаш дунёси билан эл-юрт тақдирига масъулияти, халқимизга, она Ватанимизга фидойилиги муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Шуни ифтихор билан таъкидлаш жоиз, бугунги кунда хотин-қизларимиз турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Айниқса, халқимиз ишончини қозониб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида 160 нафарга яқин депутат хотин-қизларимизнинг фаолият олиб бораётгани, Бундан ташқари 15 нафар фан доктори 180 нафарга яқин фан номзодларининг ёшларимизга устозлик қилаётгани, мактабгача таълим соҳасида 12 минг нафардан ортиқ, халқ таълими соҳасида 27 мингдан зиёд, соғлиқни сақлаш соҳасида 14 минг нафарга яқин, маданият ва спорт соҳаларида 1,5 мингдан ортиқ, тадбиркорлик соҳасида 7 мингдан зиёд хотин-қизларимизнинг меҳнат қилаётгани, ўтган йиллар давомида ўзларининг ноёб истеъдоди, чуқур билими ва иқтидори билан ажралиб турадиган 23 нафар қизимиз Зулфия номидаги давлат мукофотини олиш бахтига муяссар бўлгани уларнинг том маънода сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳал қилувчи кучга эга эканидан далолатдир.
Тантанали тадбирда давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги, ўзларининг самарали меҳнати билан ажралиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизларимизга Муҳтарам Президентимизнинг махсус Фармони асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган «Мўътабар аёл» кўкрак нишонлари топширилди.
Шунингдек, байрам муносабати билан бир қатор фидойи хотин-қизларимиз Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус Қарори билан “Ардоқли нуроний”, “Ватан фидойиси” ва “Умид учқуни” кўкрак нишонлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг “Фахрий ёрлиқ”лари билан тақдирланди.
Тақдирланганлар номидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони эгалари – Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Рисгул Жумабаева ва маҳалла фаоли Рахатой Раимова хотин-қизларга кўрсатилаётган катта меҳр ва алоҳида эътибор учун Муҳтарам Президентимиз ва республикамиз раҳбариятига ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.
Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Бу каби тадбирлар республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.











Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Матбуот хизмати