Нукус давлат педагогика институтида Ажиниёз музейи ташкил этилди
1711
Бугун, 15-ноябрь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида қорақалпоқ мумтоз адабиётининг ёрқин намоёндаси Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллиги муносабати билан ташкил этилган Ажиниёз музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари, Турк Академияси вакили Айнур Майемерова, Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар Академияси Ч.Айтматов номидаги Тил ва адабиёт институти директори, академик Абдилдажан Акматалиев, Озарбайжон Республикаси Баку славян университети профессори Низами Маммедов, Туркия Республикаси Ҳожи Байрам Вали университети профессори Ҳусайн Йилдирим, Озарбайжан Республикаси Миллий Фанлар Академияси Физулий номидаги Қўлёзмалар институти бош илмий ходими Незакет Маммадли, мазкур академиянинг Фольклор институти доценти Шабнам Маммадова, шунингдек, республикамизнинг илғор олий таълим муассасаларидан, илмий марказларидан машҳур олимлар, профессорлар, нуроний устозлар, адабиётга ихлос қўйган ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Музейга келган ҳар қандай инсон Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижоди тўғрисида маълумотларга эга бўлади. Қорақалпоқ халқининг миллий кийимлари, мусиқа асбоблари, уй-рўзғор буюмлари, мадрасаларда ўқитилган китобларнинг нусхалари шоир яшаган давр нафасини юзага келтиради. Музейда энг асосий кўзга ташланадигани – бу Ажиниёз Қўсибой ўғлининг шажараси. Мазкур шажара институтнинг қорақалпоқ адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Марат Есебаев томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот ишларининг самараси бўлиб, шу кунгача ишланган шоир авлодларининг бир бутун тизимлаштирилган кўриниши ҳисобланади.