Янги туғилган болалар учун депозитларни очиш ташаббуси илгари сурилмоқда
1182
Бош қонунимизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Ушбу тамойилнинг амалдаги ижроси доирасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ижтимоий ҳимоя масалаларини долзарб вазифаси сифатида белгилаган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ҳам ушбу йўналишда бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси барча янги туғилган болалар учун болалар депозитини очиш бўйича лойиҳани ишлаб чиқиб, фракция йиғилишида муҳокама қилди. Ижтимоий давлат мақомини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар доирасида янги туғилган болани тарбиялашда ота-оналарни қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун қўшимча имкониятлар яратиш ва уларни болаларга узоқ муддатли сармоя киритишга янада фаол жалб қилишни рағбатлантирувчи чора-тадбирларни излаб топиш зарур. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Рустам Сапарбаев томонидан ишлаб чиқилган “Барча янги туғилган болалар учун болалар депозитини очиш бўйича лойиҳа” муҳим аҳамиятга эга. Агар ушбу лойиҳа давлат томонидан қўллаб-қувватланса ва дастлабки маблағ ажратиш чоралари кўрилса, бунда бола вояга етганда шахс сифатида шаклланиши, қобилиятини ривожлантириш учун мустақил молиявий ресурсларга эга бўлишини таъминлашга имкон яратилади. Барча янги туғилган болалар учун "болалар депозитини" очиш, бу депозитни ота-оналар, васийлар ёки бошқа ҳомийлар томонидан қонун асосида босқичма-босқич тўлдириш имкониятини таъминлаш ҳамда 18 ёшга тўлганда, тўпланган маблағларни фоизлар билан олиш ҳуқуқини беради. Шунингдек, аҳолида узоқ муддатли инвестицион тафаккурни босқичма-босқич шакллантиради. Бу эса давлатдан ёрдам маблағларини талаб қилиш ва ижтимоий ёрдамга қарамлик ҳиссини камайтиради. Ўз навбатида, аҳолининг жамғармаларини янада инвестициялаш ва капитални ўстириш ҳисобидан уни кўпайтиришга мойилликни оширади. Муҳими, босқичма-босқич амалга ошириладиган ўзгаришлар “ўлик пул” кўринишидаги жамғармалар ҳажмини қисқартиришга хизмат қилади. Лойиҳага кўра, “болалар депозитининг” эгасига келгусида вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-оналарига ғамхўрлик қилиш учун конституциявий мажбуриятларини бажариш имконияти яратилади. Натижада мамлакатнинг “ижтимоий давлат” сифатидаги имижи ўсади. Бундан ташқари, узоқ муддатда давлатнинг қўшимча бюджет харажатлари қўринишидаги давлатнинг ижтимоий юки камаяди. “Болалар депозити”нинг эгаси 18 ёшга тўлгандан сўнг таълим олишни давом эттириш, уй-жой ва маиший масалаларни ҳал қилиш, тўпланган маблағларни кейинчалик инвестиция қилиш ёки улардан бошқа шахсий қонуний мақсадлар учун фойдаланиш каби эҳтиёжлари учун бўш молиявий ресурсларга эга бўлади. Йиғилишда иштирокчилар лойиҳа бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурига мос эканини, партия электорати манфаатларига хизмат қилишини эътироф этди. Масалани сессия муҳокамасига олиб чиқиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.