Мўйноқда ёпиқ сузиш ҳавзаси ва спорт зали фойдаланишга топширилди
1670
Шу йилнинг 19 август куни Мўйноқ туманида янгидан қуриб битказилган 18х36 ўлчамдаги спорт зал ҳамда 11х25 ўлчамдаги сузиш ҳавзалари фойдаланишга топширилди.
Бу каби объектларнинг фаолият кўрсатишидан туман ёшлари беҳад мамнун. Мўйноқда мисли кўрилмаган янгиликлар бўлмоқда. Яқинда “Орол футбол стадиони қурилиб, у ерда туман ёшлари спортнинг футбол, регби, енгил атлетика турлари билан мунтазам равишда шуғулланиши учун имконият яратилган эди. 18х36 ўлчамдаги замонавий спорт залида баскетбол, волейбол, қўл тўпи спорт турлари билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган.
Бундан ташқари, Президентимиз томонидан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш ва улар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш бўйича белгилаб берилган бешта муҳим ташаббус асосида Мўйноқ шаҳрида «Future Moynak», «IT-Center» ва «Book Café» марказлари қурилмоқда ва яқин орада ишга тушади.
Бу марказларни ташкил қилишдан мақсад – ёшларни юқори сифатли ўқитиш, шу асосда инновацион тайёрлаш тизимини ва креатив фикрлаш даражасини ривожлантириш, ҳудудий ва халқаро ахборот технологиялари соҳасига интеграциялашдир.
Эслатиб ўтамиз, IТ-марказларида ўқув асосан 4 йўналишда, яъни, анимация, веб-дизайн, кино-видео маҳсулотлари, компьютер ўйинларини ишлаб чиқариш соҳалари бўйича билим берилади. Шунингдек, ўқувчиларга дарслар жараёнида дастурлаш, компьютер анимацияси, 2D графика, 3D моделлаштириш ҳам ўргатилади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамраев, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев ва бошқалар иштирок этди.
