Қорақалпоқ давлат университети талабалари халқаро математика олимпиадасида юқори натижаларга эришди
493
Жорий йилнинг 13-18 апрель кунлари Туркманистон Республикасининг Ашхобод шаҳрида «Open Mathematical Olympiad for University Students (OMOUS-2025)» халқаро математика олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда фундаментал ва аниқ фанларга қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди. Олимпиадада Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талаба-ёшлари ҳам муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллади. Жумладан, Математика факультети талабаси Сункат Максатов 1-ўринни эгаллаб, олтин медалга муносиб топилди. Шунингдек, Дамир Дилмуратов кумуш медаль, Индира Сатниязова, Нурсултан Еримбетов ва Наргиза Ҳақбергенова эса бронза медаллари билан тақдирланди. Бундан ташқари, университет жамоаси жамоавий ҳисобда ҳам юқори натижага эришиб, кумуш медални қўлга киритди.