Тахтакўпир туманида умумий қиймати 25,4 млн. АҚШ доллари бўлган янги инвестиция лойиҳаси ишга тушади
521
Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари яратилмоқда. Бугун Тахтакўпир туманидаги «А.Адилов» ОФЙ ҳудудида «Taxtakopir Gold Tekstil Mahsulotlari» масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиши режалаштирилган тўқимачилик лойиҳасининг тантанали равишда тамал тоши қўйилди.
Унда туман ҳокими Ж.Адилов, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва лойиҳани амалга ошираётган корхона раҳбарлари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар, лойиҳанинг аҳамияти, унинг туман иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигига қўшадиган ҳиссаси ҳақида айтиб ўтди. Президентимизнинг 2023 йил 8 август кунги «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 129-сонли фармонига асосан ушбу инвестиция лойиҳаси учун 4,5 гектар ер майдони ажратилди. Умумий қиймати 25,4 млн. АҚШ доллари бўлган лойиҳага мувофиқ, корхона томонидан йилига 5 минг тонна ип ишлаб чиқарилиб, йилига 11,1 млрд. сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Тўлиқ ишга тушиши натижасида 257 та янги иш ўринлари яратилади. 

