«Орол туризми» халқаро ҳафталиги доирасида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро конференцияси ўтказилди
563
Нукус шаҳрида «Орол туризми» халқаро ҳафталиги доирасида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бош прокуратура, Туризм қўмитаси вакиллари, шунингдек, экологияга оид институтлар, таълим муассасалари мутахассислари, хорижлик экспертлар ва бошқалар иштирок этди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов ҳудудда “яшил қопламалар” — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Таъкидлаб ўтилганидек, 2018-йилнинг декабрь ойидан бошлаб Орол денгизининг суви қуриган тубида чўл ўсимликлари уруғлари ва ниҳолларини экиш ишлари амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ўтган 2018–2024-йилларда жами 1,8 млн. гектардан ортиқ майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан иборат янги ўрмонзорлар барпо этилди ҳамда ушбу ишларни амалга оширишда 7 минг тоннадан ортиқ чўл ўсимликлари уруғлари экилди. Бу борадаги ишлар ҳар йили юқори даража уюшқоқлик билан давом эттирилади.
Тадбирда Орол муаммоси оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи аҳолиси турмушини яхшилаш борасида халқаро даражада амалга оширилаётган ишлар бўйича қатор соҳа мутахассислари маъруза қилди. Конференцияда мутахассислар томонидан Оролбўйида яшил қопламаларни кўпайтириш, шўрланишни камайтириш, чўлланишнинг олдини олиш, ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш, бу борада таълимни кучайтириш ва малакали кадрлар тайёрлаш, иқлим ўзгариши масалалари каби долзарб экологик лойиҳаларга эътибор қаратилди.


