Бўзатов, Мўйноқ ва Қонликўл туманлари аёллари учун тадбиркорлигини ривожлантиришга грант маблағлари ажратилади
994
Ҳурматли Президентимизнинг «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш-2-фаза» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 317-сонли қарорига мувофиқ 2025-2027 йиллар оралиғида Ўзбекистон Республикасида яшовчи кам таъминланган, ишсиз аёлларнинг халқаро тажрибали экспертлар томонидан тадбиркорликка ўқитилиши белгилаб берилган эди.
Бугунги кунда лойиҳа доирасидаги ишлар «Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш» 1.4 субкомпоненти Болгариянинг Тадбиркорлик ва ижрочиликни ривожлантириш маркази (CEED Bulgaria) ва Тошкентдаги «Annexure» консалтинг ва инжиниринг компанияси томонидан амалга оширилаётган бўлиб, Бўзатов тумани ҳокимлиги мажлислар залида лойиҳа гуруҳи ва бўзатовлик аёллар учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ташқи беғараз ёрдам маблағларини (грантларни) жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи К.Идирисов, Жаҳон банкининг Қорақалпоғистондаги вакили Х.Жумабаев, лойиҳа раҳбари И.Руденко, туман фаоллари ва хотин-қизлар иштирок этди.
Учрашувда мамлакатимизда сўнгги йилларда хорижий грантлар ва донор ташкилотларни жалб қилиш орқали маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бундан сўнг, Жаҳон банкининг Қорақалпоғистондаги вакили Х.Жумабаев, лойиҳа раҳбари И.Руденколар сўзга чиқиб, «Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш» лойиҳаси ҳақида кенг тушунча берди. Тадбир давомида Лойиҳа иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Таъкидлаш жоизки, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа 2025 йилнинг февраль ва 2027 йилнинг август ойлари оралиғида давом этиб, Бўзатов, Мўйноқ ва Қонликўл туманларидан 1500 нафар хотин-қизлар 5 модуль асосида ўқитилади ва сертификат берилади. Шунингдек, лойиҳа якунида ҳар бир иштирокчи халқаро экспертлар кўмагида грант лойиҳаларини ёзиб, энг яхши ёзилган грантлар 5 000 ва 15 000 АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилади. Бу маблағ уларга ўзларининг тадбиркорлигини ривожлантиришга ёрдам беради.




