Бош вазир Қорақалпоғистонлик тадбиркорлар учун видеоконференцалоқа орқали қабул ўтказди
1943
Жорий йилнинг 22 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тизимини фаоллаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикасининг тадбиркорлари билан ведеоконференцалоқа орқали қабул ўтказди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси студиясида Жўқорғи Кенгес Раиси М.Ерниязов, шаҳар ва туман тадбиркорлари, тегишли соҳа вакиллари иштирок этди.
Видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтган қабулда республикамизда фаолият юритаётган 90 нафарга яқин тадбиркорлар иштирок этиб, уларнинг мурожаатлари тингланди ва юзага келган муаммоларни тез фурсатларда ижобий ҳал этиш бўйича мутасадди соҳа раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.
Барчамизга маълум, жорий йил 14 май куни давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон асосида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари 1 июньдан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган эди.
Ўтган қисқа вақт мобайнида Бош вазирнинг Қорақалпоғистон Республикаси қабулхонасига тадбиркорлардан жами 179 мурожаат келиб тушган бўлса, шундан, бугунги кунгача 138 тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилган ҳамда 41 тадбиркорнинг мурожаати тегишли соҳа вакиллари томонидан ўрганилмоқда.