ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСДА ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ФАОЛИЯТИГА БАҒИШЛАНГАН МАЖЛИС ЎТКАЗИЛДИ
1256
3 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида республикамиздаги олий таълим муассасаларида 2019 йилда амалга оширилган ишлар ва 2020 йилга белгиланган аҳамиятли вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган Президиум мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, олий ўқув юртлари ректорлари, филиал директорлари, тегишли вазирлик, қўмита, таълим инспекцияси раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов очди ва бошқариб борди.
Республикамиз раҳбари ўз сўзида бугунги кунда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олий таълимни ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, олимларга, профессор-ўқитувчиларга шароитлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таълим соҳасига ҳам алоҳида тўхталиб, олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни юксалтириш, ёшларимизни етук кадрлар қилиб тарбиялаш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилганини, айниқса, жорий “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да илмий асосланган ишларни йўлга қўйиш энг асосий вазифалардан эканини айтиб ўтди.
Айни вақтда республикамизда жами 9 та олий таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили 3 та олий таълим муассасасининг, яъни Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт университети, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамда Навоий давлат кончилик институти Нукус филиаллари очилган бўлса, жорий йил Нукус шаҳрида Тошкент давлат техника университетининг филиалини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув ва илмий салоҳиятини юксалтириш, ўқитувчилар ва талабалар учун етарли шарт-шароит яратиш борасида республикамизда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мажлисда олий таълим муассасаларида 2019 йилда амалга оширилган ишларни ўрганиш мақсадида Жўқорғи Кенгес томонидан тузилган ишчи гуруҳнинг маълумоти тингланди ва ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар жиддий танқид қилинди ва юзага келаётган муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш учун раҳбарларга топшириқлар берилди.
Бундан сўнг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори Б.Утемуратов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали директори О.Атаниязова, Тошкент давлат Аграр универcитети Нукус филиали директори Е.Торениязов, Тошкент ахборот-технологиялари университети Нукус филиали директори Б.Каипбергенов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали директори П.Палўаниязов, Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали директори Б.Мамбетов, Самарқанд ветеринария медицина институти Нукус филиали директори А.Есимбетов, Навоий давлат кончилик институти Нукус филиали директори Ф.Худайбердиевнинг ҳисоботлари тингланди. Депутатлар олий таълим муассасаларида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисидаги саволларига жавоблар олди.
Шунингдек, олий таълим муассасаларининг 2020 йилга мўлжалланган режалари бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” белгилаб олинди ва бу бўйича депутатларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари С.Бузрукхонов қатнашди.
Фото: М.Ҳабибуллаев



