Маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди
5106
22 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат Кенгаши раисининг ўринбосари А.Давлетов очди ва олиб борди.
Таъкидланганидек, Ҳурматли Президентимизнинг ш йил 26 март кунги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”қарорлари юртимизда маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, аҳоли, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, кўп миллатли халқимиз ўртасида ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, миллий қадрият, анъана ва урф-одатларни кенг тарғиб қилиш, бадиий ижод ва китобхонлик маданиятини фаол қўллаб-қувватлаш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш, геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг маданият ва маънавият масалалари бўйича маслаҳатчиси Г.Изентаева, Қорақалпоғистон Респубилкаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари М.Жуманов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Р.Реимов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Т.Атамуратов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, студияларда Тахиатош тумани ҳокими И.Маткаримов, Чимбой тумани ҳокими А.Тажетдинов, Хўжайли тумани ҳокими Ж.Ермашев сўзга чиқиб, Президентимиз қарорларининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Республикамиз шаҳар ва туманларида қарор ижроси натижадорлигини орттириш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ва келгусидаги вазифалар бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишларда аниқ натижаларга эришиш бўйича чора-тадбирларини белгилаш, уларнинг мақсадли жамғарма томонидан ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш борасидаги маьсулятини ошириш, жорий этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг мактабларда асосий фаолият йўналишларини белгилаш ва уларни амалга ошириш борасида услубий ёрдам кўрсатиш, ишлаб чиқилган махсус методика бўйича маҳаллаларда “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида бириктирилган профессор-ўқитувчилар фаолиятини самарали йўлга қўйиш, “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшлар билан иш олиб бориш бўйича таъсирчан усул ва воситалар ҳақида тавсиялар бериш, корхона ва ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар учун масьулларга ишчи-ходимлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этишнинг ўзига хос усуллари бўйича семинар-тренинглар ташкил этиш, “Маърифат соати”ни ўтказишда раҳбарнинг масъуллигини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.










Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг матбуот хизмати