Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов кириш сўзи билан очди.
Мажлисда таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 250-сон қарори билан хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Вақтинчалик тартиб” тасдиқланган.
Қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикасида “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган 24 519 минг нафар аёллар киритилган.
“Аёллар дафтари” ягона электрон платформаси яратилган.
“Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз, эҳтиёжманд аёллар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий адаптация қилишга кўмаклашиш, психологик ва моддий қўллаб-қувватлаш бўйича шаҳар ва туманлар “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган.

Жорий йил 1 май ҳолатига “Аёллар дафтари”га киритилган 20 минг 748 нафар хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатилган. Жумладан, 7283 нафарининг бандлиги таъминланган, 1962 нафари касб-ҳунарга ўқитилган, 680 нафарига томорқадан фойдаланишга кўмаклашилган, 2565 нафар аёлларга тадбиркорлик қилиши учун 28 млрд 563 млн сўм миқдорида кредит ажратилган.
Шунингдек, 4359 нафарига қарийб 1 млрд 934 млн сўм моддий ёрдам кўрсатилган, 107 нафарига ижара компенсацияси тўлашда ва уй-жой билан таъминлашда ёрдам берилган, 1995 нафарига тиббий, 838 нафарига ҳуқуқий ёрдам ҳамда 899 нафарига психологик ёрдамлар кўрсатилган.
Ҳудуддаги 416 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида “Аёллар маслаҳат кенгаши” ташкил этилиб, Аёллар маслаҳат маркази” учун ижтимоий объектлардан хоналар ажратилган.
Шунингдек, оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида “Аёллар маслаҳатхонаси”, “Қизлар саломатлик маркази” фаолият олиб бормоқда.
Нукус шаҳри ва Беруний туманларида “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга тизимли ёрдам кўрсатиш мақсадида “меҳнат инспектори ёрдамчиси” лавозими жорий этилган.
Умуман олганда Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йил 4 ой давомида ойларида 11 минг 860 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ҳудудларида тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Мўйноқ, Тахтакўпир, Қонликўл, Элликқалъа, Бўзатов, Тўрткўл, Беруний, Нукус туманларида ҳамда Нукус шаҳрида 2,55 минг нафар иш ўрни қувватларига эга бўлган 10 та тикув трикотаж мажмуалари ташкил этилган, ҳозирги кунда ушбу мажмуаларда 874 нафар ишчи фаолият юритмоқда.
Қўмита эшитувида қайд этилганидек. хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар билан биргаликда бир қатор камчиликларга йўл қўйилган.
Қўмита эшитуви якунида “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг бандлиги таъминлаш, хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш, шароити оғир тоифага киритилган маҳалла ва овулда истиқомат қилиб келаётган “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, оилаларнинг даромадини ошириш мақсадида томорқадан фойдаланиш учун ер ажратиш, шунингдек, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кредит олишига амалий ёрдам кўрсатиш, нотурар жойларда истиқомат қилиб келаётган аёлларни турар жой билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш, турли манбалардан уларнинг турар жой ижараси тўловларини тўлаб бериш ёки уларни компенсация қилиш чораларини кўриш каби масалаларни қамраб олган қўмитанинг қарори қабул қилинди.