ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС РАИСИ МАКТАБ БИТИРУВЧИЛАРИНИ ТАБРИКЛАДИ
3596
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов пойтахтимиздаги 46-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўтказилган сўнгги қўнғироқ тадбирида қатнашди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Жўқорғи Кенгес Раиси 25 май – мактаб битирувчиларининг қадрдон мактаби, меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, ҳаётнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўядиган қувончли кун билан қалблари орзу-умидларга, катта мақсадларга тўла битирувчи ёшларни, уларнинг устозлари ва ота-оналарини самимий муборакбод этди.
М.Камалов Ҳурматли Президентимиз мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табригида “мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди. Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади” дея катта эътибор кўрсатиб, битирувчи ёшларга юксак ишонч билдирганлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда Президентимиз томонидан ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
46-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ана шундай эътибордан унумли фойдаланиб, ўз олдига юксак мақсадларни қўйган 152 ўқувчи 11-синфни битирмоқда. Улар орасида 9 ўқувчи мактабни олтин ва кумуш медаллар билан битирди, 12 ўқувчи муддатидан олдин АҚШ, Буюк Британия, Польша, БАА, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларнинг олий ўқув юртларига кирди.
Тадбирда сўнгги қўнғироқ чалинди. Мактаб ўқувчилари ижросидаги қўшиқ ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.







Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати