ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС РАИСИ “БИЗНЕС МАРАФОН” МОТИВАЦИОН ТРЕНИНГИ ИШТИРОКЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ
1709
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов шу йилнинг 2-июнь куни пойтахтимиз Нукус шаҳрида ўтказиладиган “Бизнес марафон” мотивацион тренинги ташкилотчилари, тадбиркорлар ва бизнес тренерлар билан учрашди.
Учрашувда Жўқорғи Кенгес Раиси М.Камалов Ҳурматли Президентимиз томонидан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, бу соҳага ёшларни кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликнинг янги, замонавий, дунё бозорида ўз ўрнига эга, юртимиз иқтисодий салоҳиятини кўтариш билан бирга унинг халқаро майдондаги имиджини юксалтиришга хизмат қиладиган тармоқларини оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз натижаларини бераётганини таъкидлаб, бу борада республикамизда амалга оширилаётган ишлар ва режалар тўғрисида маълумот берди.
Ўз навбатида “Бизнес марафон” мотивацион тренинги қатнашчилари самимий қабул учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисига ўз миннаторчилигини билдириб ўтди. Қорақалпоғистонда сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асос ёшларни тадбиркорликка фаол жалб қилиш орқали ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли мотивация уйғотиш мақсадида халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори нуфузга эга нотиқлар (етакчи тадбиркорлар)ни жалб этган ҳолда Республика бўйлаб “Бизнес марафон” мотивацион тренинглар ташкил этилмоқда.
“Бизнес марафон”лар жорий йилнинг апрель-май ойларида Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Тошкент, Жиззах, Навоий ва Бухоро вилоятларида ўтказилиб, ушбу тадбирларда 13 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.
Бугун пойтахтимизда ўтказиладиган “Бизнес марафон”да мотивацион тренингларни “Deli.uz”, “Dekos.uz”, “Mfaktor” лойиҳалари асосчиси Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар, “Asaxiy.uz” интернет дўкони асосчиси Феруз Аллаев, “Yaskanamu”, “Alvon” текстил брендлари асосчиси Шерзод Бекназаров, “Thompson school” ўқув марказлари асосчиси Шахзод Баҳодиров, “Sobirovs Law Firm” (Канада) компанияси асосчиси Раҳмад Собиров сингари юртимизда ва хорижда муваффақиятга эришган ватандошларимиз, тажрибали тадбиркорлар ва бизнес тренерлар олиб боради.
Учрашувда келгусида бир қатор лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.






Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати