“МЎЙНОҚҚА МАДАД” ЭКОЛОГИК ХАЙРИЯ ВЕЛОМАРАФОНИ ИШТИРОКЧИЛАРИ МЎЙНОҚҚА ЙЎЛ ОЛДИ
1219
Пойтахтимиз Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафонининг якуний босқичига старт берилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов Ҳурматли Президентимиз томонидан Оролбўйи минтақасининг экологик, иқтисодий ва ижтимоий аҳволини яхшилаш, бу жараёнга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш, денгизнинг қуриган тубида яшил ўрмонзорлар барпо этиш, Қорақалпоғистоннинг барча шаҳар ва туманлари, айниқса, Мўйноқнинг инфратузулмасини мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз натижасини бераётганини, яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюциянинг қабул қилингани бу борадаги ислоҳотларни янада юқори босқичга кўтаришини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳияси янгради.
Тадбирда санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
“Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафони 21 май куни Андижон вилоятининг Хонобод туманидан 13 нафар велоспортчи билан бошланиб, республикамизнинг барча вилоятларидан ўтиб, ҳар бир ҳудудда спортчи ва ҳаваскорлар қўшилиб, Қорақалпоғистон Республикасига 50 нафардан ортиқ велоспортчи билан етиб келди. Республикамиздан яна 10 нафар велоспортчи ва 50 нафарга яқин ҳаваскор ва кўнгилли ёшлар қўшилди.
Нукус шаҳридан жами 100 нафардан ортиқ иштирокчилар Мўйноққа йўл олди.










Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати