ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС РАИСИ ПРЕЗИДЕНТ МАКТАБИ БИТИРУВЧИЛАРИНИ ТАБРИКЛАДИ
2588
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов пойтахтимиздаги Президент мактабида ўтказилган сўнгги қўнғироқ тадбирида қатнашди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Жўқорғи Кенгес Раиси Президент мактаби битирувчиларини самимий муборакбод этди, уларнинг келажакда Ватанимиз равнақига, унинг халқаро майдондаги обрўсининг ортишига катта ҳисса қўшишига қатъий ишонч билдириб, уларга бу йўлда улкан муваффақиятлар тилади.
Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасида барча соҳалар қатори таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи вақтида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги Президент мактабларини ташкил этиш, бу ишни Қорақалпоғистондан, Нукус шаҳридан бошлашни таклиф қилган эди. Юртбошимизнинг 2019 йил 20 февраль кунги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида замонавий, барча қулайликларга эга мактаб фойдаланишга топширилди.
Мактабда ўқув жараёни қорақалпоқ, ўзбек тилларида, шунингдек, «STEAM» таълим дастури асосида олиб борилмоқда. Математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари фанлари инглиз тилида ўқитилмоқда. Маҳаллий ўқитувчилар билан бир қаторда хорижлик тажрибали мутахассислар ўқувчи ёшларга таълим бермоқда. Натижада ўқувчилар ўз қобилиятини ва истеъдодини юзага чиқариш, дунёнинг ривожланган давлатларининг энг кучли олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларига эга бўлмоқда.
Бугун мактабни 24 нафар ўқувчи битирмоқда. Уларнинг кўпчилиги хорижий давлатларнинг энг илғор олий таълим муассасаларига кириш бахтига муяссар бўлганлиги барчани бирдай қувонтиради.
Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан намунали, фаол ўқувчилар сертификатлар билан тақдирланиб, уларни камолга келтириб, тарбиялаган ота-оналарига, уларга таълим берган ўқитувчиларга миннатдорчилик билдирилди.
Тадбирда сўнгги қўнғироқ чалинди. Мактаб ўқувчилари ижросидаги қўшиқ ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.






Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати