ХАЛҚЛАР ДЎСТЛИГИ КУНИ НИШОНЛАНДИ
3553
30-июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Видеоконференц алоқа тарзида ўтказилган тадбирда Нукус шаҳрида ташкил этилган cтудияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, ҳукумат аъзолари, юртимизда яшаётган турли миллат вакиллари, миллий-маданий марказлар ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳалқлар дўстлиги куни муносабати билан байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева ўқиб эшиттирди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон – улкан имконият ва ресурсларга эга бўлган мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир.
Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани муҳрлаб қўйилган. Уларга ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Қутлуғ байрам – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ана шундай ватандошларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон Республикасидан Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ғўза селекцияси ва уруғчилиги бўлими мудири Узакбай Айтжанов, Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Улиқбек Жалменов «Меҳнат шуҳрати» ордени билан, Нукус шаҳридаги «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи директори Лидия Ким I даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан, Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасининг Жаслиқ даволаш профилактика муассасаси ҳамшираси Жанар Жугинисова II даражали «Саломатлик» ордени билан, «Ўзбекгеофизика» акциядорлик жамиятининг «Устюрт геофизика экспедицияси» филиали Устюрт кон геофизика партияси гуруҳ бошлиғи Зарипбай Батбаев «Дўстлик» ордени билан, Мўйноқ туманидаги «Тик ўзяк» овул фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Даригул Аметова «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.









Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати