ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
3374
Мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаш ҳамда ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, хорижий мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни янги босқичга кўтариш, давлатимизнинг тинчликсевар ва халқпарвар сиёсатини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш борасидаги катта хизматлари, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, Халқлар дўстлиги куни муносабати билан орден ва медаллар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раисининг ўринбосари А.Тошев йиғилганларни Халқлар дўстлиги куни билан яна бир марта самимий муборакбод этди.
Таъкидланганидек, Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан бу йил илк марта нишонланган ушбу қутлуғ сана юртимизда яшаётган турли миллат вакилларининг бир-бирига бўлган дўстлигини, оғизбирчилигини, бағрикенглигини яна бир маротаба ёрқин акс эттирди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ягона ва аҳил оила бўлиб яшаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи ва гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари, миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани муҳрлаб қўйилган. Уларга ўз маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.
Тадбирда орден ва медаллар, кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.
Шунингдек, республикамизда фаолият юритаётган милий маданий марказларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Мукофотланганлар номидан Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби У.Жалменов, Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмасининг Жаслиқ даволаш профилактика муассасаси ҳамшираси, II даражали «Саломатлик» ордени эгаси Ж.Жугинисова ва бошқалар сўзга чиқиб, камтарона меҳнатларини юксак баҳолагани учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди.









Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати
М.Ҳабибуллаев олган суратлар