Вакилларимиз “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларида барча спорт туридан совринли ўринларни эгаллади
1861
2021 йил 14 август куни Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан Туризм ва спорт вазирлиги, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси билан ҳамкорликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва девони ходимлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси кубоги учун “Парламент ўйинлари” спорт мусобақалари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 30 декабрдаги қарорига мувофиқ, сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилаётган “Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларида иштирокчилар спортнинг мини-футбол, волейбол, стол тенниси ҳамда бадминтон сингари турлари бўйича баҳслашди.
Қувонарли томони, барча спорт турларидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари туман кенгашларидан вакилларимиз фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.
Жумладан, спортнинг мини-футбол тури бўйича баҳсларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси жамоаси кумуш медальни қўлга киритди.
Бадминтон бўйича хотин-қизлар ўртасида Жўқорғи Кенгес депутати Зухра Реймова, стол тенниси бўйича халқ депутатлари Қораўзак тумани Кенгаши депутати Гулзира Сидиқова иккинчи ўринни эгаллади, шунингдек, эркаклар ўртасида волейбол бўйича ўтказилган баҳсларда халқ депутатлари Нукус тумани Кенгаши жамоаси фахрли учинчи ўринни эгаллади.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.




Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати