КОРОНАВИРУСДАН БУТУНЛАЙ ТУЗАЛГАН ФУҚАРОЛАР ВА БИР ГУРУҲ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ РЕАБИЛИТАЦИЯГА КУЗАТИЛДИ
1859
Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган беморларни даволашда меҳнат қилган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари, шунингдек, инфекциядан тўлиқ тузалган фуқаролар реабилитацияга кузатилди.
Таъкидланганидек, мазкур юқумли касалликлар шифохонасида бугунги кунгача коронавирусга чалинган 58 нафар бемордан 4 нафари бутунлай соғайишига бугунги кун қаҳрамонлари ҳисобланган тиббиёт ходимларининг кечаю кундуз қилган саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Данияр Ходжиев ва бошқалар томонидан беморларга тиббий хизмат кўрсатган 3 нафар шифокор, 12 нафар ҳамшира ва 21 нафар санитар ходимнинг самарали меҳнати юксак эътироф этилиб, чуқур миннатдорлик билдирилди. Ҳар бирига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди. Эндиликда улар ўрнида навбатдаги фидойи тиббиёт ходимлари фаолият бошлашади.
Дарҳақиқат, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда тиббиёт ходимлари жасорат ва фидойилик намунасини кўрсатиб меҳнат қилишмоқда. Оиласи, яқинлари, халқимиз учун ишда қолиб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилишмоқда. Бу каби ватанпарварликни махсус карантин ва тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
– Давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган алоҳида эътибор бизга янада куч-қувват бағишлади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасининг инфекционисти Қалбике Шарипова. – Ходимларнинг самарали меҳнат қилиши учун шифохонамизда барча шароит яратилган, беморларни даволаш муолажалари жаҳон стандартлари талаби даражасида олиб борилди. Юртимизнинг етук мутахассисларидан онлайн тарзда зарур тавсиялар олиб турдик. Шунинг натижасида коронавирусга чалинган бемордан 4 нафари бутунлай соғайди. Бундан жудаям мамнунмиз.
Коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролардан яна бир гуруҳи яқин кунларда бутунлай соғайиб чиқиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси матбуот хизмати
(М.Ҳабибуллаев олган суратлар)



