Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
1812
7 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Қорақалпоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси - Қорақалпоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши раиси М.Камалов очди ва бошқариб борди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда. Ушбу ишларга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурати туғилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июнь кунги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашларини ташкил этишга оид бир қатор вазифалар белгиланган.
Бу бўйича Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2021 йилнинг 19 августдаги мажлиси қарорига биноан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари тўғрисидаги низом ва ҳудудий кенгашлар аъзоларининг намунавий рўйхати тасдиқланди.
Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг аъзолари таништирилди, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг ижросида ҳудудий кенгашларнинг ўрни, бизнесда коррупцияга қарши курашишда Савдо-саноат палатасининг ўрни тўғрисида маърузалар қилинди ва фикр-мулоҳазалар тингланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати