"БУГУН МЕНИНГ ҲАЁТГА ҚАЙТГАН КУНИМ"
2243
Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясидан тўлиқ тузалган 15 нафар бемор ва уларни даволашда меҳнат қилган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари реабилитацияга кузатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Д.Ходжиев беморларга тиббий хизмат кўрсатган 3 нафар шифокор, 5 нафар ҳамшира ва 4 нафар санитар ходимнинг тинимсиз меҳнати учун миннатдорлик билдирилди. Бугунги кунга мазкур юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган 58 бемордан 19 нафари бутунлай соғайди. Инфекциядан тўлиқ тузалган беморнинг икки нафари Тошкент шаҳридан, 13 нафари Қорақалпоғистон Республикасидан бўлиб, уларнинг энг каттаси 63, энг кичиги 1 ёшда.
–Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда ҳиссамиз борлигидан мамнунмиз,– дейди Республика юқумли касалликлар шифохонаси инфекционист шифокори Жумагул Дастанова. – Шифохона жаҳон стандартлари талаби даражасидаги тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган бўлиб, барча имкониятлар мавжуд. Беморларни даволашда мамлакатимиздаги, шунингдек, Хитой Халқ Республикасидан келган шифокорлардан онлайн тарзда зарур тавсияларни олиб турдик. Бу эса, ўзининг ижобий самарасини бериб, бугунги кунда 19 нафар беморнинг бутунлай соғайишига эришдик.
– Бугун менинг ҳаётга қайтган куним, десам муболаға бўлмайди, – дейди тузалиб чиққан беморлардан бири. – Инфекцияга чалинганларни даволашга кўрсатаётган ғамхўрлиги ва эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман. Шифокорларимизнинг, барча тиббиёт ходимларининг беминнат меҳнатлари туфайли бугун тузалиб чиқаяпмиз. Қанчалик қийинчилик бўлмасин шифохонада беморлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ҳамюртларимиздан карантин қоидалари сақлашни, зарурият бўлмаса, уйдан чиқмасликларини илтимос қилиб қоламан.
Коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна бир гуруҳи яқин кунларда бутунлай соғайиб чиқиши кутилмоқда.







Д.Абибуллаев
М.Ҳабибуллаев олган суратлар