Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2479
2022 йил 17 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Ялпи мажлис иши "O'zbekiston" ва “UzReport” телеканалари, шунингдек, Сенатнинг www.senat.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилади.
Дастлаб сенаторлар томонидан Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Ҳисобот даврида вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташқи сиёсатига мувофиқ халқаро майдонда республика манфаатларини илгари суриш, мамлакат ривожланиши учун қулай ташқи шароитларни таъминлаш, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро муносабатлар соҳасидаги давлат тузилмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича фаолият олиб боргани таъкидланди.
2021 йилда 8 та хорижий ташриф ва 150 га яқин турли олий даражадаги учрашувлар, онлайн мулоқотлар ва телефон орқали музокаралар ташкил этилди. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани туфайли БМТ ва ЕХҲТ доирасида мамлакатимизнинг 50 дан ортиқ халқаро ташаббуслари бўйича 5 та махсус резолюция қабул қилинди.
Муҳокама чоғида Афғонистондаги вазият бўйича Ўзбекистоннинг сиёсати ва ташаббусларига халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳо берилгани алоҳида таъкидланди.
Ўтган 2021 йилда мамлакатимиз ташқи сиёсатида “иқтисодий дипломатия”га устувор аҳамият берилди. Самарадорликни ошириш ва хорижий ҳамкорлар билан юзага келадиган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида дипломатик ваколатхоналар томонидан ҳар бир инвестиция лойиҳаси билан алоҳида иш олиб бориш тизими ташкил этилди. Хорижий мамлакатлар ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга 1100 дан ортиқ ташрифи ташкил этилди.
Европа комиссияси томонидан 2021 йил 10 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга “GSP+” тизимининг бенефициари мақоми берилгани мамлакатимиз ташқи сиёсатининг муҳим ютуқларидан бири бўлди.
Вазирлик ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг тизимли ва мувофиқлаштирилган фаолияти натижасида 2021 йилда жами 686,3 млн долларлик 912 та савдо битими тузилди.
Сенаторлар элчихоналар томонидан таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари етарли даражада ишлаб чиқилмаганлигини, шу сабабли уларнинг катта қисми истиқболсиз деб тан олинаётганини таъкидлади.
Лойиҳаларнинг ўртача тўртдан бир қисми амалга ошириш босқичига етиб бормаяпти. Жумладан, Қорақалпоғистонда дипломатик ваколатхоналар томонидан таклиф этилган 54 та лойиҳадан 13 таси истиқболсиз деб топилди. Тошкент вилоятида 41 лойиҳадан 11 таси амалга оширилмаяпти.
Шунингдек, қатор дипломатик ваколатхоналарнинг республика минтақалари билан ўзаро ҳамкорлиги даражаси етарли эмаслиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, бир қанча битим ва шартномалар тузилганига қарамай, қатор ҳамкор давлатлар бўйича минтақалараро ҳамкорликда амалий натижаларга эришилмаган.
Ҳар томонлама ва очиқ муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар.
Сенаторлар томонидан 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, шунингдек, иш берувчиларга, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмаслиги таъкидланди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилгани қайд этилди.
Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.
Шунингдек, Кодексни дастлаб Сенатнинг қўмиталарида кўриб чиқиш жараёнида тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий тармоқлардаги ҳамда фуқаролардан келиб тушган таклифлар кенг муҳокама қилинди.
Хусусан, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари, меҳнат муносабатларидаги камситиш омиллари, хизмат текшируви ҳамда жамоавий меҳнат низолари юзасидан киритилаётган нормаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлаш, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ этишни соддалаштириш, шунингдек, мазкур соҳаларда ёлланиб ишловчилар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятларини ҳисобга олиш, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.
Сўнгра “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун “2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармони ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.
Қонун билан банкларнинг айрим турдаги молиявий операцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи нормалар тизимлаштирилмоқда.
Таъкидланганидек, бугунги кунда нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ бўлиб, ушбу ташкилотларни тузиш ва уларнинг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни ўз ичига олган яхлит қонун ҳужжати мавжуд эмас.
Қонун билан нобанк кредит ташкилотлари фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда улар томонидан амалга ошириладиган (кўрсатиладиган) молиявий операциялар (хизматлар) рўйхати белгиланмоқда.
Шунингдек, нобанк кредит ташкилотларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар, шу жумладан уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, муассислари ва иштирокчилари (акциядорлари), раҳбар ходимлари (кузатув кенгаши аъзолари ва ижро этувчи орган, бош бухгалтер), шунингдек, устав фонди (устав капитали) ва унинг энг кам миқдорига қўйиладиган талаблар аниқлаштирилмоқда.
Қонун билан ломбардлар томонидан Марказий банкка фаолиятни бошлаганлик тўғрисида хабарнома юборилишининг тартиби, шунингдек микромолия ташкилотлари ва ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказишнинг ягона тартиби назарда тутилмоқда. Бунда лицензиялаш ўрнига ҳисоб рўйхатидан ўтиш жорий қилинмоқда, ҳисоб рўйхатидан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати, уларни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш тартиби белгиланмоқда.
Шу билан бирга, нобанк кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қоидалар, шу жумладан улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш, шартнома шартларини бир томонлама тартибда ўзгартирмаслик, шунингдек, нобанк кредит ташкилотларининг қарз олувчилари ва кредиторларининг молиявий операциялари бўйича ахборотнинг махфийлигини кафолатлаш каби мажбуриятлар белгиланмоқда.
Қонун қабул қилиниши натижасида микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизмат турларининг кенгайтирилиши, кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларга, шу жумладан исломий молиялаштиришга оид хизматларга бўлган талаби қондирилишига эришилади.
Шу билан бирга, нобанк кредит ташкилотлари банклар ва бошқа молия ташкилотларининг агентлари сифатида фаолият юритиши республиканинг чекка ва олис ҳудудларидаги аҳоли ва кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий хизматлар билан қамраб олинишига эришилади.
Мазкур Қонун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларга бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар томонидан “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қонун 8 та боб ва 40 та моддадан иборат бўлиб, уларда Қонуннинг мақсади, вазифалари, асосий тушунчалар, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши курашишнинг принциплари, йўналишлари, усуллари, масъул давлат органи ва унинг ваколатлари, киберхавфсизлик ҳодисалари бўйича чоралар кўриш ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилмоқда.
Жумладан, Қонуннинг мақсади мамлакатимизда киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифалари кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Қонунда кибержиноятчилик, кибертаҳдид, киберхавфсизлик, киберҳимоя ва киберҳужум каби тушунчалар қўлланиб, киберхавфсизликни таъминлашнинг асосий принциплари ва бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда.
Шунингдек, Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланиб, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Бундан ташқари, Қонун давлат органлари ва ташкилотларининг киберхавфсизликни таъминлаш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутади.
Шу билан бирга, Қонун билан киберхавфсизлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан мажбурий тартибда ёки киберхавфсизлик субъектларининг ташаббусига кўра амалга оширилиши белгилаб берилмоқда.
Қонунда кибержиноятчилик ҳодисаларини текшириш, чоралар кўриш, содир бўлган ҳодисалар тўғрисидаги ахборотни ошкор қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши, биринчидан, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчидан, у киберхавфсизликни давлат томонидан тартибга солиш, ҳуқуқий, ташкилий, илмий-техник ва меъёрий услубий таъминот тизимини такомиллаштиришга, ахборот тизимлари ва ресурсларининг яхлитлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшади.
Учинчидан, Қонун рухсатсиз ҳаракатлар, ахборотни йўқ қилиш, ўзгартириш, бузиш, нусхалаш, блоклаш ва мамлакатнинг ахборот тизимлари ва тармоқларига ноқонуний аралашишнинг бошқа шаклларининг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ҳужжат органик маҳсулотлар (органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш, тамғалаш ва реализация қилиш, шунингдек мувофиқликни баҳолаш ва авторизациялаштириш) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Ушбу Қонунда органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга мувофиқ улар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш чоғида ўз фирма номидан, товар белгисидан ва хизмат кўрсатиш белгисидан фойдаланиш, органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилиш учун зарур бўлган хизматлар (ишлар) турларини, шу жумладан мувофиқликни баҳолаш органларини ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларни мустақил равишда танлаш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, Қонун билан органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар фаолияти доирасида органик маҳсулотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши белгиланган.
Ушбу Қонун билан органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришга доир шартлар ва талаблар, уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва давлатимиз ҳудудидан олиб чиқиш тартиби мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, мувофиқликни баҳолаш органини авторизациялаштириш, органик маҳсулотлар соҳасидаги эквивалентликни баҳолаш, органик маҳсулотларни тамғалаш механизмлари ҳам очиб берилган.
Қонуннинг қабул қилиниши органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратиш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, хўжалик субъектлари муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишга ёрдам беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек ялпи мажлисда янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонунга зарурат шундаки, амалдаги Қонунда умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд бўлиб, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаган.
Хусусан, реклама фаолиятига қўйиладиган талабларнинг етарли эмаслиги, давлат ва нодавлат ташкилотларининг реклама соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмаганлиги кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар унга 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шунингдек, ушбу соҳа қонундан ташқари яна 3 та идоравий ҳужжат билан ҳам тартибга солинмоқда.
Янги таҳрирдаги Қонунда ушбу қонуности ҳужжатлари нормалари ҳам киритилиб, реклама фаолиятини тартибга солувчи яхлит ҳужжат сифатида акс эттирилган.
Таъкидланганидек, Қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб янги тушунчалар билан тўлдирилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкин.
Қонунда реклама берувчининг, реклама тайёрловчи ва тарқатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.
Шунингдек, ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда мавжуд биноларнинг ташқи меъморий қиёфасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши керак.
Хусусан, ташқи реклама ва ахборот объектларини ўрнатиш чизмаси ҳамда унга киритиладиган ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг расмий сайтларида эълон қилиниши лозим.
Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда.
Жумладан, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати вояга етмаганларни рекламадан, хусусан унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилувчи ва рекламада вояга етмаганлар иштирокини чекловчи янги нормалар билан тўлдирилганидир.
Жумладан, вояга етмаганларни хавфли вазиятларда кўрсатиш, ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш, вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни телеканалларда, вояга етмаганлар учун мўлжалланган телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш тақиқланмоқда.
Бундан ташқари, Қонунда дори воситалари рекламасига қатъий талаблар ўз аксини топган. Эндиликда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирокидан фойдаланиш тақиқланади.
Сенаторлар муҳокамада Қонунда баён этилган айрим моддаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан боғлиқ жараёнларга ҳам эътибор қаратди.
Хусусан, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, радио, босма ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар бирма-бир кўриб чиқилди.
Телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда сенаторлар сўнгги йилларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Ушбу Қонун ҳам мазкур ижобий ишларнинг мантиқий давоми эканлиги таъкидланиб, ҳужжатни қабул қилиш зарурати муҳокама қилинди.
Хусусан, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш, бунда қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилиши таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилгани, мазкур Қонун билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида, шу жумладан, қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларни давомий амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида миллий превентив механизмни такомиллаштириш БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси Факультатив протоколининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинишининг амалий натижаси эканини таъкидлади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Жиноят кодексининг 133-моддаси биринчи қисмига киритилаётган ўзгартишларга асосан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш ҳамда трансплантация қилишнинг белгиланган шартлари ва тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бироқ ушбу Кодекс 133-моддаси биринчи қисмининг амалдаги таҳририда шахс тириклигида унинг розилигини олмасдан туриб ёки ўлганидан кейин яқин қариндошларининг розилигисиз илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилиш ёки бузилмайдиган ҳолда сақлаш (консервация) мақсадида мурданинг аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Кодексга киритилаётган ўзгартишларга асосан эндиликда инсон ўз аъзоларини илмий ишлар ёхуд таълим ишлари учун трансплантация қилишга розилик берган тақдирда ёки бундай розиликни унинг вафотидан сўнг яқин қариндоши берганда ҳам бундай ишлар учун жиноий жавобгарлик келиб чиқиши мумкин.
Шунинг учун Жиноят кодекси 133-моддасининг биринчи қисмини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.
Шунингдек, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида ҳам инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланиши, 3-моддасида эса инсон аъзосини ва (ёки) тўқималарини олишга ихтиёрий розиликнинг мавжудлиги, бепул асосда ҳамда нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклда бўлиши кераклиги белгиланмоқда.
Ушбу қоида Фуқаролик кодексининг 105-моддаси биринчи қисмида қайд этилган ёзма шаклдаги битим тузилиши кераклигини кўрсатмоқда.
Бироқ фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликка асосан келишувларнинг бошқача шакллари ҳам мавжуд эканлигини қайд этиш лозим.
Шу боисдан инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарининг қонунга хилоф тарзда трансплантация қилинишини олдини олиш мақсадида бундай битимлар (шартномалар) тузилиши учун ҳам жиноий жавобгарликни белгилаш мақсадга мувофиқ.
Бундан ташқари, “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини унинг мурдасидан олишга унинг тириклик чоғидаги нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилиги мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйиши қайд этилган.
Бу ҳолатда “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасини “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқ.
Қонунда тартибга солинадиган жавобгарлик муносабатларининг аҳамиятини эътиборга олиб, сенаторлар ушбу Қонунни қайта кўриб чиқишни, унга комплекс ёндашиб, такомилига етказишни лозим деб ҳисоблади.
Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.
Шундан кейин сенаторлар томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Маълумки, мамлакатимизда давлат органларининг аҳоли билан мулоқотини такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишнинг замонавий механизмларини жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, мазкур соҳага доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони ҳамда қарори билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиб, унинг фаолияти йўлга қўйилган.
Ушбу Қонунга мувофиқ 3 та кодекс ҳамда 4 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Таъкидланишича, Қонун билан қонунчиликка қуйидаги бир қатор ўзгаришлар киритилмоқда.
Биринчидан, амалдаги қонунчиликда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини давлатнинг мажбурлов кучини сафарбар қилмаган ҳолда ижро қилишнинг муқобил ҳуқуқий механизмлари мавжуд бўлмаганлиги боис “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга 7 та тоифадаги суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатларининг ихтиёрий ижросини таъминлаш чораларини кўриш, ушбу чоралар натижасиз бўлган тақдирда охирги чора сифатида мажбурий ижро органларига мурожаат қилиш тартибини жорий этиш белгиланмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1982-моддаси Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этилгунига қадар айрим тоифадаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминламаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Иккинчидан, суд ҳужжатларининг ижро этилишига тўсқинлик қилганлик ва суд ҳужжатининг мажбурий ижроси жараёнига аралашганлик учун жавобгарлик қонунчиликда мавжуд бўлмаганлиги туфайли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1982-моддаси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси жараёнига аралашганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси жараёнига аралашганлик ҳаракатини маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттирганлик учун Жиноят кодексига жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Учинчидан, ижро ҳужжатини ижро этмаганлик, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни ҳарбий хизматчилар ва ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этиш белгиланмоқда.
Тўртинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1982-моддаси ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик мавжудлигини текширмасдан йирик битимлар тузишни амалга оширганлик ёхуд айрим турдаги молия-кредит хизматлари, халқаро йўловчи ташиш хизматлари ва давлат хизматларини кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланган норма билан тўлдирилмоқда.
Сенаторларнинг қайд этишича, Қонуннинг қабул қилиниши натижасида ижро тартиб-таомиллари янада соддалаштирилади ҳамда суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида ижро этилиши таъминланиши, давлатнинг мажбурлов кучини охирги чора сифатида қўллаш, тегишли рағбатлантириш ва ҳуқуқий таъсир чоралари орқали фуқаролар ҳамда юридик шахсларда суд қарорларини ихтиёрий бажариш маданияти шаклланиши учун зарур шароитлар яратилиши, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросининг самарадорлиги янада оширилиши таъминланади.
Муҳокамалар сўнггида сенаторлар Қонунни маъқуллади.
Шундан кейин сенаторлар “Корпоратив бошқарув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни кўриб чиқдилар.
Қонун ривожланган хорижий давлатларнинг ижобий тажрибаси ва Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ)нинг тавсиялари асосида тайёрланган.
Жумладан, Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийсига Марказий банкда ҳам ҳисобварақ очиб, қимматли қоғозларнинг уюшган савдосида қимматли қоғозларга доир битимлар натижалари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китобларини амалга ошириш ҳуқуқини берилишини кўзда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартишлар киритилмоқда.
Фуқаролик кодексига унитар корхонани бошқариш органи сифатида кузатув кенгашини жорий этиш мумкинлиги киритилаётган бўлиб, ушбу норманинг амалга жорий этилиши унитар корхона ва унинг эгалари манфаатлари йўлида фаолият юритилишини ҳамда корхона раҳбари фаолияти устидан самарали назоратни ўрнатилишини таъминлайди.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи (“олтин акция”) бекор қилинаётган бўлиб, унинг бекор қилиниши йирик салоҳиятли инвесторларнинг хусусийлаштириладиган корхоналарга бўлган қизиқишини ортишига ижобий таъсир этади.
Шунингдек, корхоналарни ўрта ва узоқ муддатли (3-5 йиллик) ривожлантириш стратегиясининг амалга оширилишини таъминлаш орқали корпоратив бошқарувнинг самарадорлигини ошириш мақсадида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзолари ваколатлари муддатини бир йилдан уч йилгача узайтириш белгилаб қўйилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, миноритар акциядорлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни корхонани бошқаришдаги ролини ошириш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини камайтириш мақсадида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунларда миноритар (5 фоизга эга) акциядор (иштирокчи)ларга аудиторлик текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилмоқда.
Умуман, Қонун давлат иштирокидаги корхоналарни бошқаришда корпоратив бошқарувнинг илғор тажрибасини жорий этиш орқали уларни самарадорлигини янада оширишга ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг асосий инфратузилма объекти ҳисобланган Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини такомиллаштирилишини таъминлайди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланишича, Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан 9 та асосий йўналишлар бўйича ишлар амалга оширилган.
Хусусан, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, қонунчиликни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинглар олиб бориш, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш, минтақавий вакиллари фаолияти, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти, аҳолини ҳуқуқий саводхонлик ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, Омбудсман фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш каби йўналишларда қатор ишлар амалга оширилган.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан Омбудсманга келиб тушган ижтимоий, иқтисодий ва экологик ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ мурожаатлар сони ошганлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, мурожаатлар тўлиқ, холисона ва чуқур кўриб чиқилмаганлиги, унга юзаки ёндашилганлиги ҳамда мурожаат муаллифларига жавоб хатлари ўз вақтида юборилмаганлиги оқибатида ҳисобот даврида келиб тушган мурожаатларнинг 4 655 таси ёки 25 фоизини такрорий мурожаатлар ташкил қилгани танқид қилинди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2 бараварга кўпайган.
2021 йилда Омбудсман томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларга киритилган жами 94 та таъсир чоралардан (хулоса, тақдимнома ва даъво ариза) фақат 58 таси (61 фоизи) қаноатлантирилган. Аммо қолган таъсир чораларининг тўлиқ ечими таъминланмагани, бунда Омбудсман томонидан Олий Мажлис палаталарининг парламент назорати институтидан етарли фойдаланмагани қайд этилди.
Шу билан бирга, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни қийноққа солиш ва камситувчи муомалада бўлиш бўйича ўтказилган мониторингнинг натижадорлиги етарли эмаслиги ҳам кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан Омбудсманга фуқароларнинг мурожаатларини холисона кўриб чиқиш ҳамда муаллифларга ўз вақтида ва асосли жавоб бериш орқали такрорий мурожаатлар сонини камайтиришга, вазирлик, давлат идоралари ҳамда нодавлат ташкилотлари билан биргаликда маҳаллаларда фуқароларни ҳуқуқий маданияти ва билимларини оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш ҳамда мурожаатларда қайд этилган муаммоларни жойида ҳал этиш борасида тегишли тавсиялар берилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг сенаторлар Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Мажлисда Кўкдала туманини ташкил этилишига сабаб бўлган асосий омиллар алоҳида қайд этиб ўтилди. Қўмита маълумотига кўра, Чироқчи туманига 1926 йилда асос солинган бўлиб, аҳолиси 420 минг кишини, умумий ер майдони 2,8 минг км2 ни ташкил этади. Бугунги кунда туманда жами 2 137 та корхона, шундан 324 та саноат корхонаси мавжуд бўлиб, улар томонидан 2021 йилда 7,4 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Шунингдек, туманда 45 мингдан ортиқ тарбияланувчиси бўлган 230 та мактабгача таълим ташкилоти, 93 мингдан ортиқ ўқувчиси бўлган 234 та умумтаълим мактаби ҳамда 8 та оилавий поликлиника фаолият юритиб келмоқда.
Қайд этилганидек, бугунги кунда туман марказидан энг чекка қишлоққача бўлган масофа 65-100 км, жумладан, “Тошли” қишлоғи – 100 км, “Сарсон” қишлоғи – 93 км ва “Қуруқсой” қишлоғи – 65 км. Бу эса, аҳолининг туман марказига бориб-келиши учун 2-3 та йўловчи транспортидан фойдаланишига ва бир кун йўқотилишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, Чироқчи туманида 2021 йилда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 млн сўм (вилоятда 5,5 млн сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 млн сўм (вилоятда 8,7 млн сўм), хизматлар ҳажми эса 1,8 млн сўм (вилоятда 3,9 млн сўм)ни ташкил қилиб, вилоят бўйича энг охирги ўринда турибди.
Шунга кўра, Чироқчи туманида яшаётган аҳолига ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш ҳамда вилоятда режалаштирилаётган ўзгаришлар, урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солиш, айниқса аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, ушбу туманнинг бир қисмида Кўкдала туманини ташкил этиш ҳамда унинг марказини Еттитом шаҳарчаси этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Бунда Чироқчи туманида истиқомат қилаётган 420 минг нафар аҳолининг 176,3 минг нафари, яъни 32 та маҳаллада яшаётган қисми Кўкдала тумани таркибига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Кўкдала тумани таркибига 162 та саноат корхонаси ва 1 та кичик саноат зонаси (Айритом) ўтказилиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмининг туман саноатидаги улуши 151,9 млрд сўмни ёки 38 фоизни ташкил этади.
“Айритом” кичик саноат зонасининг 7 гектар майдонида муҳандислик-инфратузилма объектлари қурилиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.
Халқаро аҳамиятдаги 94 км йўл бўйида 150 та хизмат кўрсатиш объектлари (516 та иш ўрни), Еттитом ҳудудидан ўтган А-378 автомагистраль йўли ёқасида 6 гектар ерда хизмат кўрсатиш ва савдо комплекслари ташкил этилади. 10 минг гектар лалми ва адир ерларда томчилатиб суғориш технологияси асосида боғ-токзорлар ташкил этилади.
Натижада эса Кўкдала тумани таркибига ўтказилаётган аҳолига қулай шароитлар яратилади ҳамда туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ошишига хизмат қилади.
Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунинг билан Олий Мажлис Сенати йигирма тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати