АЁЗ-ҚАЛЪА
8579
Аёз-қалъа (мил.ав. IV-III асрлар) Қорақалпоғистоннинг энг хушманзара ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Умуман олганда, бу ерда Султон Увайс тоғ тизмасининг шарқий томонида жойлашган 100 м. тепаликда бир эмас, учта қалъа мавжуд бўлган.
Аёз қалъа-1 шаҳарчаси ёки “шамол остидаги қалъа” тепаликнинг ўзида жойлашган бўлиб, Қизилқум чўли четидаги мустаҳкам қалъа ҳисобланиб, кўчманчилар босқинларига қарши мудофаа вазифасини ўтаган. Ёдгорликнинг ўзи тўғри тўртбурчак шаклга эга бўлиб, унинг 10 м. баландликка эга деворлари хом ғиштдан қурилган. Ҳозиргача, деворларда миноралар, камончиларга осон ҳаракатланиш имконини берадиган икки қаватли галериялар ва бир биридан тенг масофада жойлашган туйнукларни кўриш мумкин. Жанубий деворда жойлашган қалъа дарвозаси, шарқий деворга ўтиш жойига ега тўртбурчак иншоот билан ҳимояланган бўлиб, ушбу иншоот ҳам икки тўртбурчак миноралар билан мустаҳкамланган.
Бинонинг шимолий дарвозасида Қадимий Хоразм тилида, арамей ёзувида бир қаторда уч дона ёзув ва унинг тепасида қурилиш бошлиғи-устага тегишли тамға белгиси топилган.
Афсонага кўра қадимда, Хоразм подшоҳларидан бири ташқи душманларнинг босқинларига қарши давлатнинг чегарасида катта қалъа қуришга қарор қилган. У “Кимки душман кира олмайдиган катта қалъа қурса, унга гўзал қизимни бераман” деб еълон қилган. Шу ўлкада яшайдиган Аяз исмли чўпон ушбу маъсулиятни ўз бўйнига олишга қарор қилди ва қалъа қурилишини бошлади. Қалъани қуришга унинг қанча вақт сарфлагани номаълум. Аммо, подшоҳ ўз сўзида турмай, қизини бошқа одамга турмушга берди. Қалъа қурилиши эса якунига етмай қолди. Бу ерда афсона ҳақиқат билан юзлашади.
Аёз қалъа-2 шаҳарчаси тахминан милодий VII аср охири VIII аср бошларида Афригид сулоласи ҳукмронлиги даврида қурилган деб тахмин қилинади. Қалъа мураккаб тузилишга эга. Пастга олиб борадиган қиялик йўлак, қачонлардир қалъа дарвозасини тепаликда жойлашган катта ҳашаматли қаср билан боғлаган. Ушбу қаср Ўрта аср даврида бутун Марказий Осиё бўйича энг чиройли қаср сифатида қайд этилган. Унда устунли катта заллар, нафис ўриндиқлар, маросимлар майдончаси, деворий тасвирлар ва оташпарастлар ибодатхонаси мавжуд бўлган. Бу ерда Афригид сулоласи Хоразм шоҳларинг хусусан, шоҳ Бравикнинг тангалари топилган. Сарой тахминан милодий IV асрда қурилган ва кейинчалик иккита кетма-кет ёнғинлар натижасида бузилиб кетган.
Аёз қалъа-3 шаҳарчаси (мил.ав. IV-III асрлар) параллелограм шаклида қурилган йирик, мустаҳкам иншоот бўлиб, ён томондан икки қаватли девор ва кўплаб миноралар билан ўраб олинган. Миноралар тўртбурчак шаклда қурилган. Қалъага кириш жанубий томоннинг ўртасида бўлиб, мураккаб дарвоза олди лабиринтни ҳосил қилган қайрилма деворлар билан мудофаланган. Қалъанинг ҳовлиси бутунлай бўш бўлиб, фақат баъзи деворларнинг олдида кичик бинолар бўлган бўлиши мумкин. Қалъанинг шимоли-ғарбий бурчагида кўп хонали катта бино жойлашган. Унга кесишган иккита устма-уст йўлаклар бинони ҳар бири 10 та хонадан иборат 4 та секторга бўлиб юборган. Аёз қалъа-3, тахминларга кўра, Кушон империяси даврида гарнизон сифатида ёки ҳукмдорларнинг қароргоҳи ва маҳаллий деҳқонлар учун бошпана сифатида ишлатилган бўлиши мумкин. Эски қалъа, Аёз-қалъа-1 эса кичик сонли аскарларга бошпана бўлган ва шунчаки назорат пости сифатида ишлатилган. Қалъа деворлари атрофларидан кўплаб деҳқонларнинг уйлари, қишлоқ хўжалиги ерлари, деворлари ва вино етиштириш майдонлари бўлган қўрғонча ерлари қолдиқлари топилган.
