Жўқорғи Кенгес Раиси Бўзатов туманидаги маҳаллаларда аҳоли турмушини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди
Дастлаб, Ўрмон хўжалиги ер майдонлари кўздан кечирилди. «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш ва яшил белбоғлар барпо этишда питомникларнинг ўрни алоҳида экани таъкидланиб, кўчат тайёрлаш ишларини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Бундан сўнг Жўқорғи Кенгес Раиси «Қусханатаў» ОФЙ ҳудудидаги 1 контур 1 маҳсулот дастури доирасида оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида ташкил этилган кооперация томонидан йўлга қўйилган картошка ва мош маҳсулотларини етиштириш ишлари билан танишди.
Томорқаларидан мўл ҳосил олаётган «Бўзатов» МФЙ ҳудуди аҳолиси Жангелдиев Қалмамбет, Баймуратов Сағындық ва Жуманазаров Жүгиниснинг ер майдонлари ва иссиқхоналари кўздан кечирилиб, уларнинг ишлари кўпчиликка намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.
Еркиндәрья каналидаги яроқсиз ҳолатга келиб қолган пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган кўприк бўйича муаммони бартараф этиш ва фуқаролар учун хавфсиз кўприк қуриб бериш, «Зарбдор» тажрибаси асосида канал бўйи хизматини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси туман марказида жойлашган Спорт мактабида яратилган шароитлар билан танишиб, спортчи ёшлар билан ҳам учрашди. Улар билан яқиндан мулоқот қилди.
Туманни кўздан кечириш давомида «Бўзатов» МФЙ ҳудудидаги янги қурилаётган 5 қаватли турар жой қурилиши, бўш турган бинода янгидан иш бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан ишга туширилган мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишди. Бозор ҳудудида аҳолига ва сотувчиларга қулай шароит яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.