Республика ишчи гуруҳи томонидан Нукус шаҳрида сайёр қабул ўтказилди
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилган бўлиб, бунда барча чора-тадбирлар «Инсон қадри учун», эзгу амаллар эса «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойил асосида ҳаётда ўз аксини топмоқда. Бунда фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш, қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида барча чоралар кўрилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 6-10 май кунлари республика Ишчи гуруҳи томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларига ечим топиш бўйича жойларда сайёр қабуллар ўтказилиши белгиланган эди. Шу асосда Нукус шаҳридаги «Моно марказ» биносида Хўжайли, Нукус, Тахиатош туманлари ҳамда Нукус шаҳри фуқароларининг мурожаатлари кўриб чиқилди.
Ўтказилган қабулда ҳам айнан шу йўналишда фуқароларнинг хоҳиш-истаклари, уларни қийнаётган муаммолари тингланди.
Унда ўз муаммолари билан 450 га яқин фуқаро келган бўлиб, 476 масала бўйича мурожаат этди. Шундан, 146 та мурожаат, яъни, умумий 31 фоизи жойида ҳал қилиб берилди.
Суд-ҳуқуқ, солиқ, автомобиль йўллари, бандлик каби 123 та масалага асосли тушунтиришлар берилган бўлса, муддат талаб этиладиган 207 та мурожаат назоратга олинди ва қисқа муддатда ўринли ечим топиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.