Қўнғирот туманидаги янги корхоналар фаолияти кўздан кечирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Қўнғирот туманида янги иш ўринларини яратиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси «Олмазор» маҳалласи ҳудудида «ULUGBEK KIYET» МЧЖ томонидан ишга туширилган автомобилларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган 129-сонли фармони асосида янги хизмат кўрсатиш объекти учун ер майдони тўғридан-тўғри ажратиб берилган. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 15 та янги иш ўрни яратилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси Президентимизнинг 129-сонли фармони асосида ер майдони ажратилиб, янгидан қурилаётган «Regal Bereket Team» МЧЖнинг савдо маркази, шунингдек, имтиёзли кредит маблағлари асосида янгидан ишга туширилиши белгиланган, қурилиши якунланиш арафасида турган нодавлат мактаб қурилиши жараёни билан танишди. Қурилиш ишларини сифатли қилиб якунлаш, объектларни ишга туширишда яқиндан кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Бундан сўнг «Қўнғирот» ОФЙда «YULDASH АЛИХАН» МЧЖ томонидан 60 янги иш ўрни яратишга қаратилган, 1,2 млн. доллар маблағ асосида янгидан қурилаётган тузни қайта ишлаш заводи кўздан кечирилди.
Ҳозирги вақтда маҳсулотларини ички бозор ва экспортга йўналтириб турган ва 70 фуқаронинг бандлиги таъминланган «Олмазор» МФЙдаги «TURAN GOLD PROM» МЧЖнинг техник туз ишлаб чиқарувчи корхонасига Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 213-сонли фармони асосида 10 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилган.
«BRICH PRODUCT» МЧЖ томонидан мебель учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 1 млн. доллар бўлиб, бугунги кунда 50 киши иш билан таъминланган. Маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилмоқда. Корхона ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида божхона имтиёзидан фойдаланиб келмоқда.
«Ҳәким ата» МФЙда яшовчи Худайбергенов Шухрат томонидан имтиёзли кредит маблағлари асосида ишга туширилган мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси иш бошлаши натижасида қўшимча 6 кишининг бандлиги таъминланган.
Жўқорғи Кенгес Раиси тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишди. Ташаббускорлар билан яқиндан муоқот қилди. Уларнинг ишлари доимо қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Ўз навбатида, бизнес вакиллари ҳам Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича берилган имтиёзлар учун Президентимизга чексиз миннатдорлигини билдирди.