Қўнғирот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев республика ва туман идора-ташкилотлари масъуллари иштирокида Қўнғирот туманини ривожлантириш масалаларига бағишланган мажлис ўтказди.
Унда дастлаб, ҳурматли Президентимизнинг ПҚ-132-сонли қарори билан Қўнғирот туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан сўз юритилди.
Бундан сўнг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби белгиланган вазифаларнинг бажарилиши масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида қатор вазифалар белгилаб берилган. Бунинг учун молиявий манбалар ва имкониятлар ҳам яратилган.
Лекин, айрим жойларда муассаса-ташкилот раҳбарлари ва мутасаддилари, шунингдек, маҳалла фаоллари томонидан камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Хусусан, маҳаллалардаги ишларнинг амалда бажарилиши, тақдим этилган ҳисоботларда қўшиб ёзишларга йўл қўйилганлиги, ободонлаштириш, фуқаролар бандлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларнинг талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди. Масъуллар огоҳлантирилиб, айримларига интизомий жазо чораси қўллаш бўйича топшириқлар берилди.