Жўқорғи Кенгес Раисининг Мўйноқ, Қўнғирот, Шуманай ва Қонликўл туманларидаги тадбиркорлар учун сайёр қабули бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 18 май куни Қонликўл туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаевнинг Мўйноқ, Қўнғирот, Шуманай ва Қонликўл туманларидаги тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ва таклифлари бўйича сайёр қабули бўлиб ўтди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси бугунги кунда ҳурматли Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида яратилган имкониятларни кенг турда таъкидлаб ўтди.
Бундан сўнг тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, жойида ечимини топиш чоралари кўрилди.
Қабулда асосан тадбиркорликни ривожлантириш борасида дуч келаётган муаммолар, молиялаштириш ва кредит ажратиш масалалари, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ер майдонларини ажратиш, бюрократик тўсиқлар, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва кенгайтириш борасида мурожаатлар билдирилди.
Билдирилган мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, вақт талаб этиладиган мурожаатлар Жўқорғи Кенгес Раисининг шахсий назоратига олиниб, тез фурсатда ижобий ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.