Қорақалпоғистон делегацияси амалий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Президентимиз топшириғи билан Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида дастлаб «2 Point Zero» компанияси ижрочи директори Марям Ал-Мхеири билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда дастлаб ҳурматли Президентимиз ва Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарлари томонидан йўлга қўйилган ва тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва яқин шериклик алоқалари ҳақида батафсил сўз юритилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг инвестицион салоҳияти, иқтисодий кўрсаткичлари, истиқболли халқаро лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яратилган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Унда компаниянинг молиявий хизматлар, сунъий интеллект технологиялари, муҳим ресурслар, рақамли трансформация ва бошқа йўналишлардаги тажрибалари ҳақида таъкидланиб, ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистондаги мавжуд конларда ҳамкорликда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва экологик хавфсиз ўзлаштириш, икки мамлакат университетлари ва илмий муассасалари билан биргаликда қўшма тадқиқот марказлари ва кадрлар тайёрлаш дастурларини ташкил этиш, республикамизнинг туризм соҳасида ҳали очилмаган имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг «Burjeel holdings» ва «Life Pharma» компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Етакчи интеграциялашган ҳусусий тиббий хизмат кўрсатувчи компаниялардан бири бўлган «Burjeel holdings» вакиллари билан музокараларда тиббий ёрдам соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, диагностика, профилактика, соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, маҳаллий шифокорларнинг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратони касаллигини эрта босқичда аниқлаш мақсадида мобил маммография ускуналари етказиб бериш ва юқори тажрибага эга мутахассислар билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, Нукус шаҳрида Бирлашган Араб Амирликларининг «Халифа Бин Зайед Ал Наҳаян» фонди томонидан 28 миллион доллар донорлик маблағлари асосида «Она ва бола» клиникаси қурилаётган бўлиб, музокараларда ушбу клиника фойдаланишга топширилгандан сўнг, «Burjeel holdings» компанияси бошқарувига олиш бўйича келишувларга эришилди.
«Life Pharma» компанияси вакиллари билан фармацевтика соҳасини ривожлантириш, Қорақалпоғистонда ўсадиган, халқаро даражада юқори экспортга эга доривор ўсимликлардан бири бўлган қизилмия илдизини қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби долзарб масалалар кўриб чиқилди. Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Ўтказилган учрашувларда қатор манфаатли келишувларга эришилди, муҳим шартномалар имзоланди. Ҳамкорлик бўйича истиқболли лойиҳалар кенг муҳокама қилинди. Бирлашган Араб Амирликларига бўлган амалий ташриф давом этади.