Қорақалпоғистон делегациясининг БААга ташрифи доирасида муҳим келишувларга эришилди
Бирлашган Араб Амирликларида амалий ташриф билан бўлиб турган Жўқорғи Кенгес Раиси Аманбай Орынбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Амирликнинг қатор йирик компаниялари вакиллари билан учрашди.
Дастлаб Миллий метеорология маркази Бош директори Абдулла Аҳмад Ал-Мандус билан учрашувда метеорологик ва иқлимий кузатувлар базасини яратиш, Оролбўйи ҳудудининг қурғоқчил иқлими шароитида ёғингарчиликни модификациялаш технологияларини жорий этиш бўйича масалалар муҳокама қилинди. Мулоқот натижалари бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиши ва Миллий метеорология маркази масъулларининг Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
Бундан сўнг "Tatweer Holding" компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, унда блокчейн лойиҳаларини амалга ошириш, юқори тезликдаги интернет ва дата-марказларга эга технопаркларни ҳамда блокчейн технологиялари бўйича ўқув марказларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Кун давомида "Халифа бин Зоид Ол Наҳаён" фонди раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Музокаралар давомида Нукус шаҳрида қурилаётган "Оналар ва болалар маркази"ни ишга туширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Учрашув якунлари бўйича тегишли мутасаддилар билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиб, масъуллар белгилаб олинди.
Абу-Даби (АДФД) тараққиёт фонди раҳбарлари билан учрашувда Қорақалпоғистонда қўшма технопарклар, ўқув марказлари очиш, йўл қурилиши, экологик вазият, сув таъминотини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди. Шунингдек, минтақанинг энг катта муаммоси - Орол денгизининг Ғарбий қисмини сақлаб қолиш масалалари муҳокама этилди.
"ADQ" компанияси билан учрашувда саноат аҳамиятига эга бўлган фойдали қазилмаларнинг истиқболли ҳудудларини биргаликда ўзлаштириш ва соҳага инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Абу-Даби Савдо-саноат палатаси раҳбарлари билан ҳам узоқ муддатли тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва комплекс лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди.
"ADNOC Gas" раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар давомида газни қайта ишлаш ва суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.