Бирлашган Араб Амирликларига ташриф доирасида муҳим келишувлар имзоланди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси Рас-ал-Хайма Амири Шайх Сауд бин Сакр Ал Қосимий билан учрашди.
Унда Қорақалпоғистоннинг янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ва иқтисодий салоҳияти, ўзига хос географик жойлашуви, туризм, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги имкониятлари қайд этилди. Ўзбекистон, шу жумладан Қорақалпоғистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига алоҳида қизиқиш билдирилиб, Қорақалпоғистонда ушбу маҳсулотларни етиштириш ва етказиб бериш бўйича доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан сўнг, дунё бўйича йирик керамика ва сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланган RAK Ceramics компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.
Дастлаб компания павильонида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар - керамик плиткалар, санфаянс, мозаика, интерьер ва экстерьер учун ечимлар, хомашёдан тайёр маҳсулотларгача бўлган тўлиқ тижорат линияси кўриб чиқилди. Шунингдек, маҳаллийлаштирилган керамик маҳсулотлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида "ASR RENT A CAR" компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилиб, биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Компания вакиллари билан Қорақалпоғистон Республикасида 43 млн. долларлик инвестиция маблағлари асосида Моноблоклар ишлаб чиқариш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди ва шартнома имзоланди.
Умуман очиқ ва конструктив руҳда ўтказилган учрашувларда томонлар ўзаро ҳамкорлик, имкониятлардан самарали фойдаланиб, муҳим лойиҳалар устида шериклик муносабатларини ўрнатиш бўйича келишиб олдилар. 20 га яқин хорижий компаниялар билан 100 млн. долларлик экспорт бўйича шартномаларни имзолаш бўйича келишувларга эришилди.
Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи якунланди.