Яшил иқлим фонди ижрочи директори билан учрашув ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Халқаро Яшил иқлим фонди ижрочи директори Мафалда Дуарте билан учрашди.
Таъкидлаш жоизки, Жўқорғи Кенгес Раиси бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегациясининг Корея давлатига ташрифи давомида фонд билан яқин шериклик ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олиниб, фонд вакиллари Қорақалпоғистонга таклиф этилган эди. Бугунги ўтказилган учрашув ана шу ўрнатилган муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Ўтказилган учрашувда сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, ҳудуддаги экологик офат оқибатларини юмшатиш, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг турда муҳокама қилинди.
Шунингдек, Оролбўйи минтақасида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, экологик таъсирларни юмшатиш мақсадида халқаро донор ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилиш, минтақада экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳамкорлар тажрибаси асосида инновацион ечимларни топиш масалалари ҳақида сўз борди.
Ўз навбатида меҳмонлар самимий учрашув учун республика раҳбарларига миннатдорчилик билдирди ҳамда ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, грант маблағларини жалб этиш бўйича ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида фикрларини билдирди.
Учрашув якунида Жўқорғи Кенгес Раиси ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида доимо мулоқотга тайёрлигини ва ҳар қандай ташаббуслар қўллаб-қувватланишини таъкидлади.