Жўқорғи Кенгес Раисининг республикамизнинг шимолий туманларидаги тадбиркорлар учун сайёр қабули бўлиб ўтди
Бугун Чимбой тумани ҳокимлигида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаевнинг Тахтакўпир, Қораўзак, Бўзатов, Кегейли ва Чимбой туманларидаги тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар ва таклифлари бўйича сайёр қабули бўлиб ўтди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси бугунги кунда ҳурматли Президентимиз томонидан Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида яратилган имкониятларни кенг таъкидлаб ўтди.
Бундан сўнг тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, жойида ечим топиш чоралари кўрилди.
Қабулда асосан тадбиркорликни ривожлантириш борасида дуч келаётган муаммолар, молиялаштириш ва кредит ажратиш масалалари, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ер майдонларини ажратиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва кенгайтириш борасида мурожаатлар билдирилди.
Билдирилган мурожаатларнинг аксариятига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари, вақт талаб этиладиган мурожаатлар Жўқорғи Кенгес Раисининг шахсан назоратига олиниб, тез фурсатда ижобий ҳал этиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.