Жўқорғи Кенгес Раиси раҳбарлигида Тахтакўпир туманини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Тахтакўпир туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалаларига бағишланган мажлис ўтказди.
Унда дастлаб амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганишлар натижалари, тумандаги инвестиция лойиҳалари, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг оилаларида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, ободонлаштириш ишлари ва иқтисодий кўрсаткичлар чуқур таҳлил қилиниб, йўлларни таъмирлаш, ижтимоий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бўйича мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Маҳаллаларда фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, уй шароитида ўзини ўзи банд қилишига яқиндан ёрдам бериш, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредит маблағлари ажратиш каби муҳим ишлар танқидий кўриб чиқилди.
Мажлис давомида Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан таъкидланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилот ва мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Мажлисда Тахтакўпир тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, ўз вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим раҳбар ва мутасаддиларга интизомий жазо чораси қўллаш, ўз вазифасини бажаришда лоқайдликга йўл қўйган мутасаддиларни лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.