Белбоғли кураш бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионати баҳсларининг очилиш маросими ўтказилди
Бугун Нукус шаҳридаги 1-сонли спорт мактабида (Манеж) спортнинг Белбоғли кураш туридан Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўсмир ўғил болалар ва қизлар ўртасида Жаҳон ва Осиё чемпионати мусобақаларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни мусобақанинг очилиши муносабати билан табриклади ва омад тилади.
Бундан сўнг кун давомида ўтказилиши белгиланган спорт мусобақалари бошлаб юборилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, ёшларни спортга кенг жалб этишга, Олимпия спорт турлари билан бир қаторда миллий спорт турларини ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Албатта, бундай мусобақаларнинг ўтказилиши юртимизда белбоғли кураш спорт турини янада оммалаштириш ва халқаро беллашувлар ғолибларини тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Ўтказилган тадбир давомида ўз вазн тоифаси бўйича ғолиблар қаторидан ўрин олган бир қатор ёшларга медаль ва қимматбаҳо совғалар топширилди.