Чимбой туманида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев Чимбой туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси "Шахтемир" МФЙдаги мебель ишлаб чиқаришни йўлга қўйган "PRIME MAXIMUS" МЧЖ корхонаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи "SHAXTEMIR PIK STROY" оилавий корхонаси ва "UBAYDULLA UBEK" МЧЖ корхоналари ишларини бориб кўрди.
"Темир жол гузари" МФЙ ҳудудида ўз уйида миллий қора уй жиҳозларини ясашни йўлга қўйган Азат Колбайбанов хонадонида ташкил этилган ишлар ҳам кўздан кечирилди. Мутасаддиларга тадбиркорларнинг ўз фаолиятини кенгайтириши ва ривожлантириши учун барча ёрдамларни кўрсатиш, Президентимиз томонидан берилган алоҳида имтиёзлардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси "Гулистон" МФЙдаги гулчиликни йўлга қўйган Мавлуда Алимбетова ҳамда балиқ етиштиришни йўлга қўйган "Темир жол гузари" аҳолиси Турғанбай Ережепов хонадонларида бўлди. Томорқани даромад манбаига айлантириш бўйича йўлга қўйилган ишларни янада кенг кўламда давом эттириш кераклиги таъкидланди.
Бундан сўнг "Тазғара" МФЙда ёшлар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад олишига кўмаклашиш йўналишида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш кераклиги, бунинг учун барча ёрдамлар берилиши таъкидланди.
Жўқорғи Кенгес Раиси ушбу маҳалла ҳудудидаги 52-сонли оилавий поликлиникада рақамлаштириш бўйича олиб борилган ишлар билан яқиндан танишди. Иш жараёнларини кўздан кечириб, яна амалга ошириши лозим бўлган вазифалар бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.