Жўқорғи Кенгес Раиси Элликқалъа туманида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси «Зарбдор» тажрибаси бўйича Ақчакўл бўйида умумий 73,4 млрд. сўм маблағ асосида амалга оширилаётган рекреацион зонани ташкил этиш лойиҳаси билан танишди. Лойиҳа ишга тушиши билан 75 иш ўрни яратилади.
Бундан сўнг ичимлик сувлари ишлаб чиқараётган «GOLD NEO BOSTON» МЧЖ, «Чўпон» маҳалласидаги «MUSLIMBEK PAYPOQLARI» оилавий корхонаси, «Сарабий» маҳалласидаги мебель, темир маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи «GRACEFUL MEBEL» корхонаси, «Қирққизобод» ОФЙдаги болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарувчи «KUMUSH MUNISA» хусусий корхонаси фаолияти билан танишилди. Тадбиркорларнинг ўз фаолиятини янада кенгайтириши учун барча ёрдамларни кўрсатиш, уларни доимий қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Тумандаги «BO‘STON SILK» МЧЖ томонидан амалга оширилаётган пиллачилик бўйича лойиҳа кўздан кечирилди. Таъкидлаш жоизки, 2025 йил баҳорги пиллачилик мавсумида 254 та фермер хўжалиги ва 973 та касаначилар билан пилла етиштириш бўйича шартномалар тузилган. Мавсум якунида 202,2 тонна пилла топширилди ва режа 100,1 фоизга республикамизда биринчилардан бўлиб бажарилди. Жўқорғи Кенгес Раиси пиллачилик бўйича Элликқалъа тажрибасини барча туманларда кенг ёйиш кераклигини таъкидлади.
Президентимиз қарори билан ёшларга берилган ер майдонлари, хусусан «Думанқалъа» МФЙдаги «Бир контур бир маҳсулот» мезони асосида экилган ерлар бориб кўрилди. Айни пайтда қовун-тарвуз ва бошқа полиз маҳсулотлари экилиб, тез орада мўл ҳосил олиниши кутилмоқда.
Жўқорғи Кенгес Раиси «Сарабий» МФЙдаги 63-сонли оилавий поликлиникадаги рақамлаштириш ишлари, шунингдек, масофавий хизмат кўрсатувчи «ELLIKQAL’А BPO» марказидаги тил ўргатиш ва ИТ курслари, ИТ хизматларини тақдим этиш ишлари кўздан кечирди. Рақамлаштириш ва ахборот технологияларининг ҳаётимиздаги аҳамияти ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Бундан сўнг «Сайхунобод» тажрибаси асосида «Пахтачи» маҳалласидаги Жуманиёзов Худоёр ва Розметов Анварнинг томорқадан самарали фойдаланиш бўйича ишлари кўздан кечирилди. Элликқалъаликларга хос меҳнатсеварлик ва озгина ердан мўл ҳосил олиш тажрибаси кўпчиликка намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.