Буғдой ўрими олдидан кўргазмали семинар ўтказилди
Бугун Беруний туманида жорий йилги буғдой ўримига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, мўл ҳосил етиштиришда олиб борилаётган амалий чоралари учун ўз миннатдорчилигини ва буғдойдан юқори хирмон яратилишига тилакдошлик билдирди.
Семинарда Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, барча туман ҳокимлари, соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Тадбир аввалида нуронийлар томонидан деҳқонларимизнинг олдида турган машаққатли ва масъулиятли ишларида куч-қувват, юртимизда мўл-кўлчилик, дастурхонимиз тўкин бўлишини тилаб, Қуръон тиловат қилинди.
Семинарда давом этадиган ўрим-йиғим мавсумида амалга ошириладиган ишлар кенг тушунтирилди.
Таъкидлаш жоизки, бу йил деҳқон ва фермерларимиз учун "Ғалла йили" бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Сабаби, кўп йиллик тажрибадан маълум - баҳор ойларида ёғингарчилик миқдори кўп бўлиши ҳамда ғалла ўсиб ривожланиши учун об-ҳавонинг оптимал келиши - ҳосилнинг мўл бўлишига ижобий таъсир кўрсатади.
Етиштирилган буғдойни қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олиш бўйича талаб этиладиган маблағларнинг ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилган. Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида отрядлар тузилиб, уларга махсус машина-механизмлар, техника ва агрегатлар бириктирилди. Ёқилғи-мой материаллари захираси яратилди.