Жўқорғи Кенгес Раиси манзил колониядаги ёшлар билан учрашди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев «Ёшлар ойлиги» доирасида Қўнғирот туманидаги манзил колонияларнинг бирида жазо муддатини ўтаётган ёшлар билан учрашди.
Унда дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, шу асосда уларнинг ўз қобилиятини юзага чиқариши, чуқур билим олиши, илғор фикрли ва она Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган фидойи инсонлар бўлиб камол топишига шароитлар яратилганини таъкидлади.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг минг-минглаб ёшлари қаторида ҳаёт йўлларида озгина адашиб, бугунги кунда манзил колонияларида жазо муддатини ўтаётган ёшлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги, уларнинг тез орада жамиятга аралашиб, ўз ўрнини топиши учун яқиндан ёрдам берилиши алоҳида тилга олинди.
Ўз навбатида, ўтказилган учрашувда ёшлар ҳам бу ерда бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, касб-ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишлари ва ўзларининг истак-хоҳишларини билдирди.

Учрашувда барча кўтарилган масалалар белгилаб олиниб, тез фурсатда амалий чораларни кўриш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Шунингдек, ёшларнинг IT соҳаси ва хорижий тилларни ўрганиши учун Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан махсус компьютерлар ва китоблар топширилди.
Бундан сўнг, Жўқорғи Кенгес Раиси манзил колонияда ёшларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишлари учун фаолият юритаётган касбга йўналтириш жойлари билан яқиндан танишди.
Ёшларнинг фойдали меҳнат билан шуғулланиши, илм ва ҳунар ўрганиши учун янада кўпроқ имкониятлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.


