Амударё туманида янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Амударё туманида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб, «Олмазор» маҳалласида «Султон Кумуш» МЧЖ томонидан очилиш маросими ўтказилаётган «Болалар ўйингоҳи» лойиҳаси кўздан кечирилди. Бундан сўнг, ҳар бирида 10 иш ўрни яратилган «Ботир-Хонқа» МЧЖ ва «Ал Кафил Бизнес Пласт» МЧЖ корхоналарининг пластмасса идишлари ишлаб чиқариш лойиҳалари, 2 млрд. сўмлик маблағлар ҳисобидан 20 иш ўрни яратилишига эришилган «Равшанбек-Юлдузхон» хусусий корхонасининг қандолат, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сутни қайта ишлаш, «Жайхун моторс» МЧЖнинг мотороллерлар ишлаб чиқариш лойиҳалари кўриб чиқилди. Янги иш ўрни яратган ҳар бир тадбиркор доимо қўллаб-қувватланиши, уларнинг ўз фаолиятини янада кенгайтириши учун барча ёрдамлар кўрсатилиши таъкидланди.
«Уйшин» маҳалласида «Жамолиддин Жайхун» МЧЖ томонидан 1 млрд. сўм маблағ асосида янгидан ишга туширилган балиқчилик лойиҳаси, шунингдек, «Қорақалпоқ маҳсулотлари» МЧЖ томонидан 1,3 млрд. сўм маблағ асосида ишга туширилган паррандачиликни йўлга қўйиш лойиҳаси кўздан кечирилди. Халқимизни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги бундай ташаббусларни кўпайтиришда янада жонбозлик билан ишлаш кераклиги юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
«Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивидаги кўп қаватли уйлар қурилиши ҳам кўздан кечирилди. Таъкидлаш жоизки, 2024-2025 йилларда жами 18,5 гектар ер майдонида 26 та кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланган. Ҳозирги вақтда ишлар давом эттирилмоқда.
Жўқорғи Кенгес Раиси қурилиш ишларини сифатли қилиб, ўз вақтида якунлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқларни берди.