Республикамиз бўйлаб ёшлар билан учрашувлар ўтказилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев ёшлар билан учрашиб, уларнинг хоҳиш-истаклари, ташаббус ва муаммоларини тингламоқда. Навбатдаги учрашувлар Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Кегейли, Бўзатов, Тахиатош ва Нукус тумани ёшлари билан ўтказилди.
Учрашувлар аввалида бўш иш ўринлари ярмаркалари бўлиб ўтди. Бундан сўнг IT соҳаси, Ташқи беғараз кўмак маблағларини (грантларни) жалб қилиш ва донорлар билан ишлаш бўлими, тижорат банклари раҳбарлари томонидан семинарлар ташкил этилиб, ёшлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш, уларнинг ўз ташаббусларини амалга ошириши борасида маълумотлар берилди.
Учрашувларда Жўқорғи Кенгес Раиси ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан ёшларга яратилган имкониятлар ҳақида кенг турда таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, бундай имкониятлардан ўринли фойдаланиб, юқори натижаларга эришаётган ёшлар сони ортиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Ўз навбатида, ёшлар давлатимиз раҳбарининг бундай юксак ишончи ва ёшларга кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўтказилган учрашувлар давомида ёшлар билан яқиндан мулоқот қилиниб, уларнинг хоҳиш-истаклари, шунингдек, таклифлари тингланди. Унда бир қатор муҳим ташаббуслар ва масалалар кўтарилди. Ўз навбатида ҳар бир ташаббус ва таклиф Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан белгилаб олинди ва тез орада ҳаётга татбиқ этиш бўйича масъулларга аниқ топшириқ берилди.
Бундан сўнг бир гуруҳ ёшлар фаоллиги ва тенгдошлари орасида алоҳида ютуқларга эришиб, кўпчиликка намуна бўлаётгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан тақдирланди.