Ёшлар ойлиги доирасида учрашувлар ўтказилди
«Ёшлар ойлиги» доирасида Қорақалпоғистон РеспубликасиЖўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Мўйноқ, Беруний ва Элликқалъа туманларида фаол ёшлар билан учрашув ўтказди.
Учрашувлар доирасида ахборот технологиялари, рақамли хизматлар, стартапларни ривожлантириш, халқаро грант маблағларини жалб қилиш ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича тегишли ташкилотлар, мутахассислар иштирокида маълумотлар ва тақдимотлар тақдим этилди.
Унда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши, ўз ғояларини амалга ошириши учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, бу имкониятлардан фойдаланиб, юқори натижаларга эришиб келаётган ёшлар сони ортиб бораётгани таъкидланди.
Янгича форматда ўтган учрашувларда ёшлар томонидан таълим, IТ соҳаси, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш каби қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Кўтарилган масалалар рўйхатга олиниб, тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Ёшлар, ўз навбатида, президентимиз томонидан яратилаётган имкониятлар ва кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, турли соҳаларда фаоллиги билан ажралиб турган бир гуруҳ ёшлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига мувофиқ тақдирланди.