Нукус туманида кичик ГЭСлар ишга туширилди
Нукус туманида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, ҳудудни сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар натижаси сифатида иккита кичик гидроэлектрстанция (ГЭС) қурилиб фойдаланишга топширилди.
Хусусан, "Ақтерек" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Бўзатов канали оқимидан фойдаланган ҳолда қуввати 15 киловатт бўлган кичик ГЭС қурилди.
Шунингдек, "Кердер" овул фуқаролар йиғинига қарашли "Қизил уй" овулидаги Тўрткўл каналининг сув ресурслари негизида соатига 30 киловатт электр энергияси ишлаб чиқарадиган кичик ГЭС ҳам ишга туширилди.
Бу аҳоли ва атрофдаги ижтимоий объектларни узлуксиз ва барқарор электр таъминоти билан таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, экологик тоза ва иқтисодий самарали энергия манбаи сифатида муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Нукус тумани ҳокими З.Зайтов ва соҳа раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир давомида кичик ГЭСларнинг техник имкониятлари, ишлаш механизми ва улар орқали иқтисод қилинадиган маблағлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.