Хўжайли туманида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад олишига кўмаклашиш бўйича ишлар кўриб чиқилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Хўжайли туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, «Сайхунобод» тажрибаси асосида ташкил этилган ишлар, хусусан, «Бағман» МФЙдаги гулчилик билан шуғулланаётган Аметов Даўран, томорқасида иссиқхонадан маҳсулот олиш ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича иш олиб бораётган Сапарниязов Жиенбай, «Саманкөл» МФЙдаги чорвачилик билан шуғулланаётган Өтемуратов Зафар, «Шағалакөл»даги Нуримбетов Қуўанишнинг хонадонларига бориб кўрилди. Ишлар кўздан кечирилиб, бундай тажрибаларни янада кенг оммалаштириш кераклиги таъкидланди.
Бундан сўнг Жаҳон банкининг 135,6 минг доллар грант маблағлари асосида ташкил этилган қорамолларни сунъий кўпайтиришнинг замонавий усули – «Ин-витро» технологияси бўйича иш бошлаган лаборатория фаолияти ўрганилди.
Тумандаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Хусусан, «DO`STLAR SHOES XO`JAYLI» МЧЖнинг чарм-пойабзал ишлаб чиқариш, «INOSTAL» МЧЖнинг темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш, «EXIMCORP» МЧЖнинг қизилмия илдизини қайта ишлашни кенгайтириш, «FARMS GAFUR GULOM» МЧЖнинг сутни қайта ишлаш лойиҳалари, «LIDERTEKS GROUP» МЧЖ ва «Уразимбетов Рахат» оилавий корхонаси ишлари кўриб чиқилди. Тадбиркорлар ўз фаолиятини янада кенгайтириши учун Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича алоҳида берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига барча ёрдамларни бериш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Бундан сўнг Жўқорғи Кенгес Раиси туман марказида янги очилаётган «Ёшлар маркази» биносида яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Бу маскан Хўжайли ёшларини ўзида жамлайдиган, уларнинг барча қобилиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашадиган муҳим масканга айланиши кераклиги таъкидланди.
«Кулаб» ОФЙ ҳудудидаги Маткаримова Айшанинг томорқасида ташкил этилган ишлар, «Мустақиллик» ОФЙдаги Курегенов Алпамыс фермер хўжалигининг чорвачилик комплекси бориб кўрилди. Бундай лойиҳалар сонини янада кўпайтириш кераклиги таъкидланди.
Жўқорғи Кенгес Раиси туманда амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, янги иш ўринларини яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқларни берди.