Хўжайли туманини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев раҳбарлигида Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат дастурлари доирасидаги белгиланган вазифалар ва амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар ижросига бағишланган мажлис ўтказилди.
Унда республика идораси, ташкилот ва тегишли вазирликлар, туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Мажлисда дастлаб, маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, давлат дастурлари доирасида лойиҳаларни амалга ошириш, янги корхоналар фаолиятини ташкил этиш, кўп қаватли уйлар қуриш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, камбағалликни қисқартириш, фуқаролар турмуш даражасини яхшилаш борасидаги вазифалар ижроси масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, томорқалардан самарали фойдаланишни оммалаштириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналар фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, банк хизматлари ва бозор инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар натижалари ҳақида сўз юритилди.
Унда шунингдек, ушбу ишларни амалга оширишда барча шарт-шароитлар яратиб берилгани, белгиланган вазифаларни бажаришда молиявий манбалар, барча ресурслар ишга солингани таъкидланиб, шунча имконият яратилишига қарамасдан, айрим масъулларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани танқид қилинди.
Мажлис давомида камчиликлар қайд этилиб, ўз вазифасини бажаришда хато-камчиликларга йўл қўйган айрим раҳбарларга интизомий жазо чораларини қўллаш, зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.