Қорақалпоғистон делегацияси қурилиш соҳасидаги лойиҳалар бўйича Хитой давлати компанияси билан музокаралар олиб борди
Қурилиш соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича Қорақалпоғистон делегацияси Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари билан борди.
Ташриф давомида Жўқорғи Кенгес қўмита раиси И.Сдиков "China MCC Group Co., Ltd" компанияси вице-президенти Чжу Гуанся билан учрашув ўтказди.
Унда компания вакиллари билан Хўжайли тумани ҳудудидан ўтувчи Нукус-Қўнғирот автомагистраль йўли бўйидаги 152 гектар ер майдонида "Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази"ни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу йирик лойиҳа ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган 129-сонли фармони асосида амалга оширилаётган бўлиб, лойиҳаси доирасида умумий 5 ва 7 қаватли 30 дан ортиқ турар-жойлар, 160 дан ортиқ икки қаватли намунавий уйлар, маъмурий бинолар, ижтимоий объектлар, комплекс IТ-парк, хизмат кўрсатиш объектлари, саноат ва ишлаб чиқариш масканлари қурилади.
Бундан сўнг делегация аъзолари "China MCC Group Co., Ltd" компанияси томонидан олиб борилаётган йирик лойиҳалар билан танишди.