Бўзатов туманида аҳоли муаммоларига ечим топиш ва қўшимча даромад олишига кўмаклашиш бўйича ишлар кўздан кечирилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев Бўзатов туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ва муаммоларга ечим топиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси «Еркиндарья» ОФЙдаги коллектор бўйида ташкил этилган ўрдак боқиш лойиҳасини кўздан кечирди. Шунингдек, «Еркиндарья» ОФЙдаги Ўтениязов Ахметнинг асаларичиликни ривожлантириш лойиҳаси, «Қусханатаў» ОФЙдаги Алжанов Ғайбулла ва Тўремуратов Жамаладдинларнинг томорқаларида ташкил этилган ишлар бориб кўрилди. Томорқа даромад манбаи, бундай ишлар ҳар бир хонадонда ташкил этилиши, шу билан бирга фуқаролар бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад олишига кўмаклашиш борасида янги лойиҳаларни кўпайтириш кераклиги таъкидланди.
Бундан сўнг, «Еркиндарья» ОФЙдаги газ тармоғи линиясининг 2 км қисмида Бўзатов тажрибаси асосида амалга оширилаётган ишлар бориб кўрилди. Унда ортиқча газ сарфининг олдини олиш ва самарали фойдаланиш бўйича ишлар кўриб чиқилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 123 млрд. сўм миқдорида молиялаштирилиб, қурилиш ишлари олиб борилаётган санатория билан ҳам яқиндан танишди. Умумий 200 кишига мўлжалланган бу жой, халқимиз саломатлигини тиклашга барча имкониятлар яратиладиган алоҳида масканлардан бирига айланиши таъкидланди.
«Зарбдор» тажрибаси асосида ташкил этилган ҳунармандлар аллеяси, Ёшлар марказида ташкил этилган тил ўрганиш курслари фаолияти ҳам бориб кўрилди. Халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган ҳар қандай ташаббус қўллаб-қувватланиши таъкидланди.
Бундан сўнг, ҳурматли Президентимизнинг топшириғи билан яқинда ўрнатилиб, фойдаланишга топширилган Бўзатов тумани ва шимолий туманларни бевосита Қўнғирот тумани билан боғловчи понтон кўприк ҳам бориб кўрилди. Халқимизнинг кайфиятига таъсир қиладиган ҳар қандай муаммонинг ечимини топишда Президентимизнинг одилона сиёсати тургани, бундан фуқароларнинг ҳам чексиз миннатдор эканлиги алоҳида мамнуният билан тилга олинди.